Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий  Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига байрам табриклари

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!
Ҳурматли фидокор ва жонкуяр ижодкорлар!

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду саноларимиз, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловоту саломларимиз бўлсин.
Сиз азизларни “27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Муҳтарам Президентимизнинг шахсий ташаббуслари билан аксарият соҳалар каби оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам эътирофга лойиқ янгиликлар, ўзгаришлар ва юксалишлар жорий этилди.
Куни кеча эълон қилинган муҳтарам Юртбошимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табрикларида: “Жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман, деган илҳомбахш сўзлар барча ижод аҳли чексиз мамнун этди.
Ўз навбатида биз дин пешволари ҳам ушбу фидойи, мураккаб, масъулиятли ва олижаноб касб вакилларини шарафлаймиз. Бу касб байрами сўнгги йилларда янгича мазмун касб этди. Муҳтарам Президентимизнинг кучли иродаси, унинг халқ билан мулоқотни йўлга қўйиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашдаги тинимсиз ташаббуслари натижасида ташкилот ва муассасаларнинг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланмоқда.
Ишонч билан айтиш мумкинки, журналистлар ва блогерлар мамлакат ҳаётининг ажралмас қисмига айланди, аҳоли орасида уларнинг нуфузи ошди. Бу эса уларнинг халқимиз ҳурмати ва эҳтиромига сазовор бўлаётганидан дарак беради. Бу ҳолат ҳеч кимга хотиржамликка берилишга йўл қўймаяпти, доим воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлишни ва мутасаддиларга эса жамият олдидаги вазифаларини мунтазам эслатиб турибди.
Аллоҳ таолога шукрки, муборак динимизни кенг ёйиш, диний-маърифий ишларни халқимизга тўлақонли етказишда ижод аҳлининг жуда ҳам катта ўрни бор, албатта.
Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган Сиз каби ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолияти жуда ҳам таҳсинга лойиқдир. Зеро, Қуръони азимуш-шаънда шундай марҳамат қилинади:
«Эй Муҳаммад, Раббингиз йўли-динига ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир» (Наҳл, 125).
Шунинг учун ижод аҳлини Аллоҳ таолонинг мана шундай хитобига амал қилган ҳолда эзгуликни ёйиш, илму маърифатни тарқатишда энг гўзал услубни танлаган ҳолда имкониятлардан унумли фойдаланиш лозимдир.
Ҳазрати Алишер Навоий бобомиз “Муҳокаматул-луғатайн” асарида қуйидаги мисраларни келтиради:
Чу мен назм аро тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
Олиб мен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.
Яъни, Ҳазрати Навоий назм ила мамлакатни якдил қилдим, Хитойдан то Хуросонгача бўлган ҳудудни қўшинсиз эгалладим, деган мазмунни ифода этганлар.
Марҳум шоиримиз Абдулла Орипов шу мисралар таъсирида “Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”, деб бежизга қайд қилмаган эдилар.
Демакки, кишиларни ҳамжиҳатликка чақиришда, ҳидоят йўлига бошлашда, илму маърифатини кенг ёйишда ижод аҳлининг панду насиҳати ва мазмунли чиқишларининг ўрни жуда ҳам каттадир.

Ҳурматли ижодкорлар!
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йиллар давомида ахборот хизматлари фаолияти такомиллашиб, медиа маконда юзага келаётган чақириқларга тезкорлик билан муносиб жавоб кайтариш ишлари шаклланди.
Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, аҳолига тезкор ва тўлиқ ахборот етказиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлашда сезиларли натижаларга эришилди.
Жаҳоннинг илғор давлатларида матбуот котиблари аллақачон жуда муҳим шахсларга айланиб улгурган. Жамоатчилик уларнинг баёнотини кутади, уларни излайди ва қадрлайди. Юртимизда ҳам бу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида келгусида матбуот котибларимиз том маънода жамиятимиздаги муҳим шахсларга айланишига ишонаман.
Матбуот котибларини янада фаолликка, дадилликка ва тезкорликка чақирган бўлардим. Ушбу касб эгалари энг зарур пайтда, энг зарур ва рост гапни айтиши лозим. Ахборот хизматлари ходимлари нафақат матн ёзишни, балки замонавий медиа усулларидан кенг фойдаланишлари ҳам зарурдир. Шу орқали медиа маконда тўғри маълумотлар етказилиб, нохолис ва нотўғри хабарлар тарқалиши ҳолатлари ўз вақтида бартараф этилади.
Ўз ўрнида айтиш керакки, ижодкорларга муносиб шарт-шароит яратиб берилса, меҳнатларини муносиб тақдирланса, улар эркин ижод қилади, шунда кўзлаган мақсадларга эришилади, инша Аллоҳ.
Ижод аҳли меҳнатини нақадар машаққатли эканини англаган киши сифатида камина, сизларнинг саъй-ҳаракатингизни доимо қўллаб-қувватлайман, сизларни энг асосий таянчим ва энг яқин ёрдамчим деб биламан. Ҳар бир инсоннинг юрак-юрагига кириб борувчи ва ҳаётимизни янада яхшилашга хизмат қилувчи сўзингиз учун сиздан чин дилдан миннатдормиз. Сизларни доимо яхши кўриб қолишимни изҳор қилишдан эса жуда ҳам бахтиёрман. Ўз навбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча ижодкорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қиламан.
Имкониятдан фойдаланиб, ўта муҳим ва масъулиятли вазифаларни амалга оширишда барча оммавий ахборот воситалари вакиллари, ахборот соҳасида иш юритаётган жонкуярларимизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ҳамда улкан зафарлар тилайман.
Барча ижодкор ходимларни яна бир бор касб байрамлари билан муборакбод этаман.
Қаламингиз ўткир, сўзларингиз равон, чиқишларингиз таъсирчан бўлиб, доимо мўмин-мусулмонларимиз ардоғида бўлинг, барчангизга бахту саодат, ижодий ютуқлар тилайман.
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу.

Read 2321 times

Янгиликлар

Top