Ўзбекистон янгиликлари

Устозни хотирлаб...

Бухорои шарифнинг кўзга кўринган алломаси, мударрис, эл суйган имом, ўткир воиз, маърифат шайдоси, илм аҳлининг ошиғи, устозимиз Мансур домланинг элимиз учун хизматлари катта эди.
Устоз Мансур домла Нуруллаев 1977 йил 22 февралда Бухоро шаҳрида туғилганлар. 1992–1995 йиллар Мир Араб мадрасасида, 1995–1998 йилларда Тошкент ислом институтида таҳсил олганлар.
1997–2001 йилларда Мир Араб мадрасасида мударрис, шу билан бирга 1998–2002 йиллар Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” жоме масжидида имом-хатиб бўлиб фаолият юритдилар.
2002–2010 йилларда Когон туман “Саид Амир Кулол” жоме масжиди имом-хатиби, 2006–2014 йилларда Когон тумани бош имом-хатиби, 2010–2017 йилларда Когон туманидаги “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме масжиди имом-хатиби, 2014–2018 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили, 2017–2018 йилларда Бухоро шаҳридаги “Масжиди Калон” жоме масжиди имом-хатиби вазифаларида ишладилар.
Илм ва тажрибаларини янада ошириш мақсадида 2018 йил вилоят вакиллиги ва имом-хатиблиги вазифасини топшириб, Россия Федерациясининг Қозон вилоятига бориб, Булғор ислом академиясига ўқишга кирдилар. 2020 йил магистратурани аъло баҳоларга якунлаб, Бухорога қайтиб келдилар.
Устоз Мансур домла бутун ҳаёти давомида маърифат шайдоси эдилар. Илм аҳлини, талабаларни ниҳоятда яхши кўрардилар. Уларнинг ҳар бири билан ака-укадек, қадрдон дўстдек муомала қилардилар. Хушмуомала, тақводор, диннинг ғамини ейдиган, кўпчиликнинг ҳурматига сазовар бўлган саховатпеша зот эдилар. Хусусан, Мир Араб мадрасасига кўп маротаба хайр-эҳсон тарқатардилар, айрим толиби илмларнинг шартнома тўловларига ҳам имкон қадар ёрдам берардилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили бўлиб ишлаганларида ҳам имом-хатибларга қўлдан келганча маслаҳатларини бериб, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлардилар. Айниқса, чекка туман ва қишлоқлардаги масжид имом-хатибларига алоҳида эътибор қаратиб, уларга беғараз ёрдамларини аямасдилар. Деярли барча масжидларга шахсан ўзлари бориб, масжид қавми билан суҳбатлашиб, кам таъминланганларига эҳсон улашиб, ўрни келганда жума намозларида маърузалар қилиб берардилар. Рамазон ойларида вилоят масжидларида ўтказиладиган хатми Қуръонларнинг файзли ўтишига ўзлари бош-қош бўлардилар.
Устоз Мансур домла 2020 йил 18 июль куни юзлаб шогирдлари, минглаб мухлислари қалбини зир титратиб, айни қирчиллама 43 ёшда, илмга қаттиқ рағбат қўйган бир пайтда бу фоний олам билан видолашдилар. У кишининг вафотларини эшитиб, бутун Бухоро аҳли, балки Ўзбекистон халқи гўё бир қалқиб тушди. Негаки, “Олимнинг вафоти – оламнинг вафоти” деб бежиз айтишмаган.
Устозимиз қисқа умрлари давомида айримлар юз йилда ҳам қила олмайдиган хайрли ишларни амалга ошириб кетдилар. Бир қанча рисолалар, минглаб мақолалар ёзиб қолдириб, илм аҳлига гўзал ибрат бўлдилар.
Ҳаётда орзулари катта эди. Миллатимга хизмат қиламан, юртимнинг гуллаб-яшнашига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман, буюк аждодларимизнинг илмий меросларини ўрганиб, халққа тақдим этаман деган яхши ниятда эдилар.
Аллоҳ таоло устозимизнинг ётган жойларини кенг, нурли этиб, ҳаётлари давомида бажарган барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Ўзи рози бўлиб, жаннати наъийм билан сийласин!

Эркин Қудратов,
Мир-Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Read 2153 times

Янгиликлар

Top