Ўзбекистон янгиликлари

Юртимиз бўйлаб карантиндан кейинги илк жамоат намози юқори кайфиятда адо этилди (ФОТОЛАВҲА)

Бугун эрта тонгдан мамлакатимиз бўйлаб мўмин-мусулмонлар карантиндан кейинги илк жамоат намозини ўқиш учун иймон ва ихлос билан, катта энтикиш ва чексиз хурсандчилик туйғуси билан жоме масжидларга ошиқди.

Намозхонларимиз онгли равишда ўзаро масофани сақлаш, ниқобларни тўлиқ тақиш, қўлларига махсус суюқликни суриш, махсус дизинфекцияловчи қурилмадан ўтиш каби карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиб, жамоат намозида ҳозир бўлишди.

Қарийб 5 ойдан ортиқ вақт мобайнида намозхонлар жамоат намозини интиқлик билан кутишган эди. Шу боис соғинган қалблар масжидларда таскин, ҳаловат топди, имом-хатиб, қориларимизнинг бир-биридан ажойиб Қуръон тиловатига соме бўлишди, бамдод намозини жамоат ихлос билан адо этишди.

Жамоат намозлари жуда файзли ўтди. Намоздан сўнг имом домлаларимиз жамоат билан бирга Аллоҳ таолога кўп-кўп ҳамдлар, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламга давомли саловотлар айтишди, Юртбошимиз бошчилигидаги раҳбарларимиз, халқимиз ҳақига дуои хайрлар қилишди, юртимиз ва бутун дунёдан касалликларни кўтариши сўраб илтижолар қилишди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Read 3431 times

Янгиликлар

Top