Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – қадимдан турли миллат ва элат ҳамда конфессия вакиллари ўзаро тинч-тотув яшаб, ўз диний ибодат ва расм-русумларини эмин-эркин бажариб келган бағрикенг диёр сифатида қадрланади. Ана шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси амалдаги сиёсатининг устувор вазифаларидан бири – виждон ва дин эркинлигини таъминлаш ҳисобланади. Шунга кўра, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши – ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни яратиш ва доимий такомиллаштириш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг http://parliament.gov.uz веб-сайтида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Қонун лойиҳасини такомиллаштиришда жамоатчилик фикрини олиш мақсадида лойиҳа сайтнинг “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилган.

Шунингдек, ушбу Қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларни Cette adresse e-mail est protégée contre les robots spammeurs. Vous devez activer le JavaScript pour la visualiser. манзилига йўллаш мумкин экани ҳам маълум қилинган.

Ушбу қонун лойиҳаси ҳақида гап кетганда, аввало, уни ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, шунингдек яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш лозим.

Қолаверса, ушбу Қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олингани диққатга сазовор.

Мазкур қонун лойиҳаси мутахассислар томонидан барча ҳамкорлар, шу жумладан, Бригам Янг университетнинг Ҳуқуқшунослик ва диншунослик бўйича халқаро марказидаги америкалик экспертлар тавсияларини ўрганган ҳолда янада такомиллаштирилди ва қўшимчалар киритилди. 

Энди, бевосита янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасида кўзда тутилган қуйидаги асосий янгилик ва ўзгаришларга тўхталсак:

– диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилди;

– виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари белгиланди;

– виждон эркинлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди;

– ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал диний таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи белгиланди;

– диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни таъминланишининг кафолатлари, шу жумладан юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилди;

– диний ташкилот раҳбарлигига кўрилаётган чет эллик фуқаро номзодини Дин ишлари бўйича қўмита билан келишиш талаби чиқариб ташланди;

– диний ташкилот раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши тўғрисидаги талаб бекор қилинди;

– давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилди, унга кўра қуйидагилар белгиланди:

·    рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштироки бекор қилинди;

·    диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинди;

·    диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди;

·    маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилди;

·    рўйхатга олиш органи томонидан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш учун бир ойлик муддат белгиланди;

– диний ташкилотни рўйхатга олишни рад этилиши мумкин бўлган асосларнинг тўлиқ рўйхати аниқланди;

– рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташланди;

– қонун талабларини қўпол равишда бузган тақдирда, диний ташкилот фаолиятини олти ойгача суд орқали тўхтатиб қўйиш институти жорий этилди.

Бундан ташқари, мазкур Қонун лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш, бошқа фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, ахлоқи, ҳуқуқлари ва эркинлигини таъминлаш мақсадида диний соҳани давлат идоралари томонидан тартибга солиниши лозим бўлган сабаблар тушунтирилган қуйидаги қоидалар ўз аксини топган:

 

·    ваколатли давлат органлари ва диний ташкилотлар ўртасида жамиятда динлараро ва миллатлараро тотувликни сақлаш бўйича муносабатларни тартибга солиш;

·    дин давлатдан ажратилганлиги принципи давлат органлари ва диний ташкилотлар томонидан бир-бирларининг ишларига ўзаро аралашмаслик шаклида белгиланди, шунинг учун давлат диний ташкилотларга бирон-бир давлат вазифаларини бажаришни юкламайди. Шу билан бирга, давлат конфессияларнинг тинч-тотувликда яшашига кафил бўлади;

·    диний соҳани тартибга солувчи давлат идораларининг ваколатлари аниқлаб берилди;

·    жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни бузишга кўмаклашувчи миссионерлик ва прозелитизмнинг ҳар қандай кўринишларини чеклаш белгиланди;

·    диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизадан ўтказишдан асосий мақсад қилиб жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенглик бузилишига олиб келадиган, диний зўравонлик ва бошбошдоқликка чорловчи ғояларнинг олдини олиш белгиланган.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний соҳада умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликлар, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида динлараро муносабатларни шаклланишининг тарихий шароитларини ўз ичига олгани билан аҳамиятлидир. Шу ўринда, ушбу омилларни инобатга олмаган ҳолда мамлакатимизда яшовчи миллат ва элатлар ҳамда конфессиялар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини сақлаб қолиш, уларнинг турлича диний эътиқодлари ва ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлаш мутлақо имконсиз эканини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

Read 2116 times

Янгиликлар

Top