Ўзбекистон янгиликлари

Ўқувчи болаларга мактаб формаси ва ўқув анжомлари  ҳадя қилинди

Ўзбекистонда 14 сентябрдан бошлаб яна 2300 дан ортиқ мактаб очилиб, уларда анъанавий таълим бошланди.  Аксарият мактабларда анъанавий таълим октябрь ойига қадар тикланиши кутилмоқда. Бунда мактабларни очиш ҳақидаги қарор индивидуал тарзда жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ, маҳаллий кенгашлар депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади.

Болаларнинг қувончи чексиз ахир, пандемия уларни олти ойдирки, мактаб синфхоналари, дўстларидан йироқлаштириб турибди.  Насиб бўлса, ҳар тонг яна билимлар маскани сари ошиқишади.

Ургут туманида жойлашган “Шайх Мухиддинхон” жоме масжиди имом-хатиби Нодир Турсунов хайрли ишга бош бўлди. “Чорчинор” маҳалласидаги тадбиркорлар кўмагида карантин шароитида мактаб бозорига етарлича тайёргарлик кўра олмаган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуролларини ҳадя этишди. Эндиликда бу болажонлар ҳам бошқа дўстлари қаторида янги уст-бош, ўқув қуроллари билан дарсларни бошлашади.

Ҳадиси қудсийда: “Қайси бир инсон бировнинг оғирини енгил қилса, ҳожатини раво қилса, Мен ўша инсоннинг оғирини охиратда енгил қиламан, ҳожатини раво қиламан”, - деб Аллоҳ таоло ваъда қилгани баён этилган. Яхшилик ва хайру саҳоват ишлари доимо дилларга қувонч улашиб, Яратганнинг розилиги, бараканинг кўпайиши, балоларнинг кўтарилишига сабабчи бўлсин. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2093 times

Янгиликлар

Top