Ўзбекистон янгиликлари

«Қонунчиликда ибодат либоси бўйича қоида бекор қилинмоқда». Адлия вазири ўринбосари янги қонун лойиҳаси ҳақида

Кеча 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси вакилига таяниб, Kun.uz мухбири хабар берди.

«Қонун лойиҳаси қўшни давлатлар, яқин ва узоқ хориждаги диний вазиятни, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик тарихи ва маданий-тарихий анъаналарини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган», дейилади хабарда.

Қайд этишилича, қонун лойиҳасини тайёрлашда халқаро меъёрлар талаблари, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари инобатга олинган.

Янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси 6 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, бир қатор ўзгартиришларни ўз ичига олади. Лойиҳада «диний таркибий материаллар», «ноқонуний диний фаолият», «диний ташкилот» ва бошқа шу каби тушунчаларга таъриф берилган. Шунингдек, виждон эркинлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва тамойиллари ҳамда ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатлари баён этилган.

Фракция йиғилишида иштирок этган Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиевнинг Kun.uz га билдиришича, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 22 июндаги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган.

«Қонун лойиҳасининг долзарблиги шундаки, ўтган давр мобайнида эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ вужудга келган янгича муносабатлар амалдаги қонун нормалари билан тўлиқ қамраб олинмаган. Соҳадаги кўплаб масалалар қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинмоқда. Масалан, амалдаги қонуннинг 14-моддаси таҳририй ўзгартиришлар билан кўчирилган.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролар (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоида бекор қилинмоқда, чунки ибодат либоси тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмас. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг кийиниш маданияти ва ташқи кўриниши ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўзининг ички тартиб қоидалари билан тартибга солинади.

Давлат ташкилотлари ва муассасаларининг ички тартиб-қоидаларида ходимларнинг ўз хизмат вазифасини бажаришига унинг диний мансублиги таъсир қилмаслиги, ходимнинг ташқи кўриниши ва «дресс-коди»га тегишли аниқ талаблар динга боғламаган ҳолда кўрсатилиши лозим», дейди у.

Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент қуйи палатасига киритилган бўлиб, 49та моддадан (амалда 23та) иборат.

Ушбу қонун лойиҳаси 15 сентябрь куни қуйи палата ялпи мажлисида кўриб чиқилиши белгиланган.

Манба: kun.uz

Read 2044 times

Янгиликлар

Top