Ўзбекистон янгиликлари

Бурҳониддин Марғиноний қирқ уламо ва олимни ўзига устоз билган


1123 йил (бундан 897 йил олдин) – буюк фақиҳ Али ибн Абу Бакр ибн Абдул-Жалил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний таваллуд топди (вафоти 1197 йил). Илмий адабиётларда ул зотнинг туғилган йили борасида ихтилофлар мавжуд. Айрим адабиётларда бу сана милодий 1117 йил қилиб кўрсатилса, айримларида 1118 ҳамда 1123 йиллар қайд этилади. Бу ўринда “Маънавият юлдузлари” китобининг 1999 йилги нашри асос қилиб олинди.

Бурҳониддин Марғиноний Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ илмларини чуқур ва мукаммал ўрганганлиги ва бу борада ўз даврининг етук пешвоси бўлгани боис Бурҳониддин, яъни “дин исботи”, “дин далили” исми билан машҳур бўлган. Машҳур фиқҳшунос олимнинг бизгача 4 асари етиб келган, холос. У олижаноб инсоний фазилатларига эга, камтарин ва хокисор зот бўлган. Ўзининг “Китоб ал-машойих” асарида 40 нафар уламо, олимларни ўзига устоз деб кўрсатади. Алломанинг қатор салоҳиятли шогирдлари бўлган.

Бурҳониддин Марғиноний мусулмон дунёсига буюк фиқҳшунос олим сифатида танилиб, унинг “Ҳидоя” асари бир неча асрлар давомида жамиятда ҳуқуқий нормативларни ўрганишда катта роль ўйнаган. Буюк фиқҳшунос олим, улуғ ватандошимиз хотирасига улкан эҳтиром кўрсатилган ҳолда 2000 йил мамлакатимизда ҳижрий сана бўйича унинг 910 йиллиги кенг нишонланди.

Алишер Эгамбердиев
тайёрлади

Read 1832 times

Янгиликлар

Top