Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Миллий архивида Мир Араб мадрасасига оид вақфнома ҳужжати сақланмоқда

“Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев хабар беришича, Мир Араб мадрасаси Султон Муҳаммад Шайбонийхоннинг (1451-1510) жияни Убайдуллоҳхон (1486-1540) ҳукмронлиги даврида Нақшбандия тариқати ривожига улкан ҳисса қўшган, халқ тилида “Араб амири”, яъни Мир Араб номи билан машҳур бўлган шайх, тақводор олим, улуғ пир, Саййид Абдуллоҳ Яманий (1461-1536) ҳазратларининг ташаббуслари ва ҳомийлиги билан 1530-1536 (ҳижрий 936-942) йиллар мобайнида қадимий ва навқирон Бухоройи шарифнинг Шаҳристон майдонида – Масжиди Калон ва Минора Калоннинг шарқий томонида барпо этилган.

Дунёга донғи кетган ушбу мадрасага оид Ўзбекистон Миллий архивида Мир Араб мадрасасига оид вақфнома сақланмоқда. Хусусан, мазкур вақфноманинг аҳамияти Мир Араб мадрасасининг таъсис этилиши ҳамда ишга тушгандан сўнг тўлиқ фаолиятининг молиявий ва моддий таъминотига асос бўлгани билан қизиқдир.

Ушбу вақфнома 1527 йилда (Мир Араб номи билан машҳур) Амир Абдулло ал-Яманий томонидан Мир Араб мадрасасига атаб Шофиркон тумани ва Бухоро шаҳрига яқин бошқа жойларда жойлашган унумли ерлардан жами 2146 (икки минг бир юз қирқ олти) таноб ер вақф қилиб берилганлиги ҳақида қозилар томонидан тасдиқланган ҳужжатдир.

Ўрта асрлар Шарқ қоғозида тузилган бу вақфнома форс тилида ёзилган. Унинг узунлиги 6,80 сантиметр бўлиб, эни эса 35 сантиметрни ташкил қилади.

ЎзА хабарига кўра, ҳужжатнинг матн тузилиши анъанавий тартибда бўлиб, кириш (унвон) билан бошланган, муқаддимасида бисмиллоҳ, ҳамду сано, саловот ва саломлардан сўнг садақаи жориянинг улуғ савоб экани ҳамда вақфнинг жорийланишида жонбозлик кўрсатган улуғ зотлар шаънига мақтовлар айтилган. Сўнг, воқиф (вақф қилувчи) қаерда ва нима мулкларни вақф қилгани ҳақида батафсил тўхталган.

Сўнг, вақф мулкларидан келадиган даромадларни қаерга ва кимларга нима шартлар эвазига беришни алоҳида бандма-банд қайдлаб ўтган. Шунингдек, ҳужжатнинг сўнги матнлари қозиларнинг тасдиқлари билан муҳрланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1795 times

Янгиликлар

Top