Ўзбекистон янгиликлари

Шаҳид Таслим: “БМТда ўзбек тилининг янграши биз учун ҳам фахр”

“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларда иштирок этиши ва мустақил Ўзбекистон тарихида БМТ минбаридан биринчи марта ўзбек тилида нутқ сўзлагани қалбимизда фахр туйғуларини уйғотди”, – деди Жамия Миллия Исломия университети ўзбек тили ўқитувчиси профессор Шаҳид Таслим “Дунё” АА мухбирига берган интервьюсида.

– Ҳаётимни ўзбек тилини ўрганиш ва уни ҳинд талаба-ёшларига ўргатишга бағишлаган Ҳиндистон олими сифатида айтамаки, яқин ўтмишда бундай катта минбардан туриб ўзбек тилида сўзлашни тасаввур қилиш мушкул эди, дея сўзида давом этди суҳбатдош.

Ш.Таслим ўзбек халқининг бой маънавий мероси ҳақида тўхталиб, ўзбек заминида Амир Темур, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби кўплаб буюк шахслар ва алломалар туғилиб, вояга етиб, фаолият юритганига урғу берди.

– Ушбу алломалар ўз даврида дунё сиёсатига катта таъсир кўрсатган бўлса, ҳозирда Ўзбекистон раҳбарининг оқилона ташаббусларини дунё ҳамжамияти муносиб кутиб олмоқда, – дейди ҳиндистонлик олим. – Фикримнинг тасдиғи сифатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувларини ўтказишни йўлга қўйиш, БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи муаммосига эътиборни ошириш ва Афғонистон муаммосини ҳал этиш каби масалаларга оид бешта таклифининг барчаси тўлиқ амалга ошганини таъкидлаш кифоя.

“Ўзбекистон Президентининг навбатдаги маърузаси ҳам халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор масалалар юзасидан муҳим ташаббус сифатида янграши ва жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлишига аминман”, дейди у.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1651 times

Янгиликлар

Top