Ўзбекистон янгиликлари

Дунё сайёҳларини лол қолдириб келган Бухоро "учар гилам" ларининг сири нимада?

Дунё айланиб, ўз "учар гилам"ини қидириб топма олмаган гилам шинавандалари, албатта Бухоройи шарифга ташриф буюриб, эртакнамо шаҳар ҳавосида, қадимий маскан устазодалари қўлларида дунёга келган ипак ва жун гиламларини кўриш ва сотиб олиш истагида бўлади.

Гилам – бу бутун борлиқ ранглари акс этган, ҳаёт нафаси уфуриб , ҳар дақиқа садоси эшитилиб турган санъат асари. Ҳар бир гиламнинг ўз тарихи бор. Қўлда нечи ойлаб тўқилган гиламда, устанинг ҳис ҳаяжони, меҳнати,қувонч ва машаққати мужассамлашган бўлади.

Шарқ гиламлари Буюк ипак йўлининг гуллаб яшнаган даврида ўзининг гўзаллиги, чидамлилиги, ранглар жилоси билан дунё бўйлаб довруғ қозонган.

Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз, Бухоронинг эски шаҳаридаги Сайфуддин Карвон Саройида 27 йилдан бери гилам тўқиш ҳунари билан шуғулланиб келаётган устазода – Улуғбек Қосимов.

Устанинг айтишича, гилам тўқиш санъати жуда олис тарихга бориб тақалади.

"Биз ҳозир Бухоро қадимий гиламларини қайта тиклаш давридамиз. Қадимий Варахша ва 14 аср Темурийлар даври гиламлари ўзинг нақши ва ранглари билан алоҳида аҳамиятга эга. Дунёда 3та гилам тўқиш мактаби бўлса, шулардан бири Бухоро гилам мактабидир. Ўз фаолиятим давомида кўплаб гиламлар яратдим, 200 дан ортиқ шогирд ортирдим. Гилам яратиш жараёнида бошидан охиригача ўзим иштирок этаман. Бир дона 1.5кв лик ипак гиламни 6 ой давомида нусхасини қоғозга тушураман " , дейди гиламдўз.

Шу жойда айтиб ўтиш жоизки, гилам нусхаларини чизиш ҳамма устанинг ҳам қўлидан келмайди. Баъзи усталар фақат тўқиш билан шуғулланишади. Шу ўринда савол туғилади, наҳотки гилам нусхаси 6 ой чизилса, унда тўқилишига қанча вақт кетади?

"Гиламларимизни энг кичигини 5 ой, ҳатто йиллаб тўқиймиз, ҳозирда битта гилам 2 киши томонидан тўқилса камроқ вақтда тайёр бўлади "

Уста ўзинг гилам тўқиш сирлари билан ўртоқлашди: "Гиламлар икки хил усулда тўқилади: бир ярим тугунлик ва икки тугунлик. Бухоро жун гиламлари бир ярим тугунлик усулида тўқилади. Ипак гиламлар икки тугунлик қилиб тўқилади. Ипак гиламлар 10 см да 280,290, ҳаттоки 300 тугунгача тўқилади, албатта бу устанинг маҳоратига боғлиқ. Мен ўз қўлларим билан табиий рангларда ипакни бўяйман. Табиий ранглар турли дарахт, ўсимлик илдизлари, ёнғоқ пўчоғидан олинади. Хориждан келаётган меҳмонлар бу жараёнларни ўз кўзлари билан кўриб, ҳайратларидан кичик бўлса ҳам бир дона гилам сотиб олиш истагида бўладилар", деб қўшимча қилди Улуғбек Қосимов.

Қаҳрамонимиз бу ҳунар ортидан катта ҳурмат қозонган ва кўпгина хорижий давлатларда бўлиб, турли совринларга сазовор бўлган.

Айтганча, мақоламизни ўқиб бўлгач, сизда нега айнан "Бухоро учар гилам" лари деган савол туғилиши табиий. Биз сарлавҳамизни бежизга бундай номламадик. Чунки устамиз томонидан яратилган майин ипак гиламлар дўкон растасида бир кун ҳам турмай, ўз эгаси томон "учади" ва харид қилинади.

 

ЎзА

Read 2415 times

Янгиликлар

Top