Ўзбекистон янгиликлари

Миср Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан амалий лойиҳаларни амалга оширишга тайёр

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усманов Мисрнинг туризм ва ёдгорликлар вазири доктор Холид ал-Анани билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
Суҳбатда таъкидланишича, 2019 йилда Мисрга келган ўзбек сайёҳларининг ўсиши 145% ни ташкил этди ва Мисрдан мамлакатимизга сайёҳлик оқими 158% га ошди.
Яна бир ижобий натижа 2020 йилнинг май ойида Миср Араб Республикаси парламенти ижтимоий ҳамжиҳатлик Комитети раиси ва тасаввуф жамоалари Кенгаши раҳбари профессор Абдулҳодий Ал-Касабийнинг Ўзбекистоннинг Мисрдаги зиёрат туризми элчиси этиб тайинланиши бўлди.
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Миср томонига Искандария Миллий кутубхонаси, китоблар уйи ва Қоҳира миллий архивларидан ҳамкасблар билан ҳамкорликни давом эттириш учун Ислом цивилизацияси маркази ва хориждаги Ўзбекистон маданий қадриятларини тадқиқ этиш марказининг қизиқиши борлиги билдирилди. Ўзбекистонлик машҳур диншунослар ва олимларнинг илмий ҳиссаси ва фаолиятини ёритувчи умумий тарихий мерос манбалари, қўлёзмалар ва китобларни ўрганишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланади.
Ўз навбатида, Холид ал-Аноний профессор Абдулҳодий Ал-Касабийнинг Ўзбекистон сайёҳлик брендининг элчиси этиб тайинланишини қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, "бу ажойиб қарор, чунки унинг номзоди жуда муносиб танлов эканлиги шубҳасиз, бу маънавий туризмни ривожлантиришга хизмат қилади ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради".
Суҳбатдош Мисрдаги идоралар – туризм ва ёдгорликлар вазирлиги, Искандария миллий кутубхонаси, шунингдек, китоблар ва миллий архивлар уйи ўзбек муассасалари билан илмий-техник ва гуманитар ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишга тайёр эканига янада ишонч билдирди. У таъкидлаганидек, мазкур ҳамкорлик соҳаси бирламчи манбаларни ўрганиш, тарихий қўлёзмаларни тиклаш, шунингдек, бой умумий мерос ва маданий меросни тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўз навбатида вазир манбашунослик бўйича тегишли идоралар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва илмий-тадқиқот ва археологик ишлар олиб бориш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2136 times

Янгиликлар

Top