Ўзбекистон янгиликлари

Обод этилаётган масжидлар: Олтиариқ жавҳари барпо этилади

Кун ёруғлигидаги замонавий, кенг масжид. Фарғона вилояти Олтиариқ туманида янгидан қурилаётган «Оқ дўппи эшон» жоме масжиди асосий хонақоҳи баландлиги 20 метрга яқин бўлиб, деразаларининг баландлиги ва кўплиги билан янада ёруғ ва кенг кўринади. Лойиҳага кўра, 4 томондан  30 метрлик минора 4 та кичик гумбаз устига қурилган катта гумбазни қуршаб туради. Ички томондан эса тўрт томондаги нафис қуббалар хонақоҳга ўзгача гўзаллик бағишлаб қолмай, муайян вазифаларни адо этади. Бир вақтлар бундай масжидлар вилоятлар аҳолиси учун орзу эди. Минг шукурки, бугун омонлик замонасида меҳнатсевар халқимиз муносиб шарт-шароитлар асосида яшаш, ибодат қилиш имкониятига эга бўлмоқда.

Яқинда қурилиши бошлаб юборилган масжид пойдеворига ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, имом-хатиблар ва маҳалла фаоллари қатнашдилар. Эзгу ният ва ихлос ила хайрли ташаббусга хизмат қилаётган кишилар ҳақларига дуолар қилинди. 

Қапчиғай маҳалласи ва қўшни маҳалла аҳолиси учун торлик қилаётган ушбу масжиднинг эски биноси 300-400 кишини сиғдирган бўлса, янги қад ростлаётган масжиднинг катта хонақоҳида 3000 га яқин, ер тўла қисмида эса яна 2500 киши ибодат қилиши мумкин. Шунингдек, замонавий таҳоратхона ва маъмурий бинолар ҳам қулай имкониятлар асосида барпо этилиши режалаштирилган. 

Аллоҳ таоло байтининг ободлиги йўлида қилинаётган ҳар бир ҳаракатга Ўзи баракотлар ато этсин, масжид тез орада қад кўтариб, халқнинг қувончига, иймон ва маърифатининг юксалишига сабаб бўлсин!   

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 1926 times

Янгиликлар

Top