Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари чекка ҳудуддаги янги қурилган  жоме масжидга ташриф қилдилар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов хизмат сафари билан Сурхондарё вилоятида бўлиб турганлари ҳақида аввал хабар берган эдик.

Бугун, 26 ноябрь куни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигидаги меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг олис Сариосиё туманидаги чекка ҳудудда жойлашган “Нуробод”, “Кенгжар” маҳаллалари аҳли учун янги қурилган “Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди билан яқиндан танишдилар. Мазкур маҳаллалар аҳолиси, масжид жамоаси ва нуроний отахонлар билан мулоқот қилинди.

Қуръони карим қироати билан бошланган тадбир эзгу дуоларга уланди. Хусусан, ушбу масжидни Аллоҳ таолодан ҳудуд аҳли ва бутун халқимизга баракали қилиши, жоме қиёматга қадар ибодат, зикр ва илм маскани бўлиши, бундай хайрли ишга ҳисса қўшган барча-барчага ажру савобини кўпайтириб беришини сўраб муфтий ҳазратлари кўпдан-кўп дуолар қилдилар.

“Абдураҳмон ҳожи ота” жоме масжиди қурилиши маҳаллий аҳоли талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда 2017 йилда бошланиб, 2020 йил март ойида якунланди. Масжиднинг ер майдони 10 сотих бўлиб, бино миллий андозалар ва замонавий талаблар асосида кенг ва ёруғ қилиб қурилган. Жоме масжид сиғими 400 нафар намозхонга мўлжалланган бўлиб, саховатпеша инсонлар кўмаги ва ҳашар йўли билан бунёд этилди.

Ушбу жоме масжидни мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан илтижо қилиб сўраймиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2991 times

Янгиликлар

Top