Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Абу Муин Насафий зиёратгоҳига ташриф буюрдилар

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Абу Муин Насафий” ҳазратларининг мангу қўним топган мақбараларига ташриф буюриб, Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, ушбу заминдан ўтган улуғ алломалар, буюк олимлар, фазилатли уламоларнинг руҳи покларига бахшида этилди.

Дарҳақиқат, Насаф азал-азалдан дунё илм-фани ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Қадимий қўлёзма ва қомусий асарлар варақлаб кўрилса, бу барокатли кентдан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқиб, Насафий нисбаси билан самарали ижод қилганининг гувоҳи бўламиз.

Таъкидлаш жоизки, Абул Муин Насафий ҳаётининг кўп қисмини Самарқанд ва Бухорода ўтказган. У даврларда Самарқанд ва Бухоро Ислом оламининг кўзга кўринган илм марказларидан эди. Бу зот шу даврда 15 га яқин илмий асарлар яратган. Уларнинг энг машҳурлари «Табсиратул адилла», шунингдек, «Тамҳид фии илмит-тавҳид» ва «Баҳрул калом» кабилардир. Абул Муин Насафий ақийда ҳамда усулуд-дин илмида жуда ҳам машҳур бўлиб, фақиҳ, муҳаддис ва мутакаллим олим бўлган. Мотуридий мазҳабининг батафсил шарҳлари кенг ёйилишига катта ҳисса қўшган, ўша вақтда чиққан мўтазилия, жаҳмия, карромия, ботилийя каби оқимларнинг носоғлом фикрларига қарши курашган, уларга ишончли ҳужжатлар билан қаттиқ раддиялар берган.

Давлатимиз раҳбари Абу Муин Насафий асарлари бугунги кун учун ҳам ғоят аҳамиятли экани, уларни нашр қилиб, мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Мана шу топшириққа биноан аллома Абу Муин Насафийнинг бугунги кунда ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлган “Табсиратул адилла” ва бошқа бир қатор асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, халқимизга туҳфа этилган.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, Абул Муин Насафийнинг Ислом динимизнинг софлигини сақлаш йўлидаги хизматлари жуда катта. Ёшларни турли диний-сиёсий оқимларнинг бузғунчи ғояларидан асраш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришда Абул-Муин Насафий илмий-маънавий мероси муҳим аҳамият касб этади.

Қашқадарё вилояти сафари давом этмоқда.

 

 

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2331 times

Янгиликлар

Top