Ҳиндистондаги етакчи туризм журналларидан ҳисобланган «Travel+Leisure India & South Asia» журнали ҳар йили ўтказиладиган “India’s Best Awards – 2020” йиллик танлови натижаларини эълон қилди. Мамлакатдаги пандемия билан боғлиқ вазият туфайли натижалар онлайн тартибда журнал веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали эълон қилинди.
Танлов натижаларига кўра, Ўзбекистон “Энг яхши истиқболли сайёҳлик йўналиши” (Best Emerging Destination) номинацияси ғолиби деб топилди.
Анъанавий танловда ҳар йили Ҳиндистоннинг ички туризм ва халқаро йўналишлар ғолиблари эълон қилиб борилади. Танлов ғолиблари бу йил ҳам журнал ўқувчилари томонидан онлайн овоз бериш орқали аниқланди.
“Travel+Leisure” халқаро туризм журнали бўлиб, 1937 йилда асос солинган. Ҳозирги кунда журнал Ҳиндистондан ташқари АҚШ, Хитой, Туркия, Австралия, Россия ва бошқа давлатларда инглиз тилида чоп этилади.
ЎзА