Ўзбекистон янгиликлари

Кўнгилларга ёруғлик, кўзларга ёш келтирган суҳбат

 

Бугун, 5 декабрь куни азим пойтахтимиздаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжид-мажмуасида жисмоний имконияти чекланган кишилар, ногиронлиги бор инсонлар иштирокида “Сиз бизга кераксиз” шиори остида дилдан маърифий суҳбат ва уларнинг қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди.

Хайрия тадбири Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Дин ишлари бўйича қўмита, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Карлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ҳамкорлигида ўтказилди.

 

Қуръони карим тиловати ва муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларнинг дуолари ила бошланган мулоқотда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов юртимизда жисмоний имконияти чекланган фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш ва юксак эътибор бериш ишлари амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, ногиронлиги бўлган кишилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида кўрсатиш йўлида 2017 йил 1 августда муҳтарам Президентимиз томонларидан қабул қилинган “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишнинг мазмун-моҳияти тўғрисида раис жаноблари батафсил тўхталдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари самимий учрашувда сўз олиб, тараққиётимизнинг янги даврида ногиронлиги бор кишилар қадр-қимматини кўтариш, турмуш шароитини яхшилаш борасида қилинаётган савобли ишларга урғу қаратдилар.

Муфтий ҳазратлари ўз сўзларида муборак динимизда эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, ногиронлиги бор кишиларга меҳр-оқибатли бўлиш улуғ савобли амал, бу каби хайрли ишлар барчанинг вазифаси, инсоний бурчи эканини изоҳладилар. Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган “Агар бирор бандамнинг икки кўзини шикастласам, у банда бунга сабр қилса, Мен эвазига жаннат билан тақдирлайман”, деган ҳадиси қудсийни шарҳлаб бердилар.

Шунингдек, Ибн Можа ҳазратлардан ривоят қилинган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эй Аллоҳ, мискин ҳолимда ҳаёт бер! Мискин ҳолимда жонимни ол! Ҳашр куни мискинлар гуруҳида тирилтир!”, деган дуоларини ўқиб бердилар.

 

Инсониятнинг энг афзали бўлмиш Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мискин кишиларга муҳаббат қўйганлари, уларга суянчиқлик шарафини ҳис этганлари, қадрларини юқори кўтарганларини ибратли ривоятлар орқали Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов ўз чиқишида баён этди. Айниқса, Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири, кўзлари аъмо бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга издош дея таъриф бериладиган бу каби инсонларнинг кўнгилларини кўтарадиган таъсирли ривоятлардан келтирди.

Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов ҳар бир инсон имон-эътиқодида собитқадам бўлиши, ботил ақидалар ва турли алдовларга берилмаслиги ҳақида динимиз таълимотларини баён этди.

 

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров мана шундай инсонларнинг динимизга бўлган ихлослари, Набий алайҳиссаломга бўлган муҳаббатлари ва она-Ватанимизга бўлган садоқатлари ибрат олишга муносиб эканини ҳаётий воқеалар асосида сўзлаб берди.

Мана шундай қалбларга таскин берадиган илиқ сўзлар, кўнгилларни ёритадиган илтифотлар ва оилаларга хурсандчилик олиб кирадиган ҳадялар жисмоний имконияти чекланган азизларимизнинг кўзларига мамнунлик ёшларини балқитти, бугунги кундан розилик туйғуларини сайқаллади.  

Тадбир давомида жисмоний имконияти чекланганлар ижросидаги гўзал нашидлар ва ажойиб салавотлардан баҳраманд бўлдилар.

Шундан сўнг иштирокчилар шундай дўстларимизнинг қўл меҳнатлари асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси билан яқиндан танишдилар ва ижодларига юқори баҳо бериб, ўзларига ёққан буюмларни харид қилдилар.

 

Тадбир якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов ва Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов томонидан барча иштирокчиларга ҳадялар улашилди ва уларнинг дилларига қувонч бахш этилди.

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан бир неча йиллардан буён жисмоний имконияти чекланган кишилар ва ногиронлиги бор инсонлар иштирокида турли хил маърифий ҳамда хайрия тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, “Қуръони карим”, “Мен ҳам намоз ўқийман”, “40 фарз баёни” номли брайл ёзувидаги мўътабар китоблар ҳам нашр этилиб, кенг жабҳада тарқатилди.

Жоме масжидларда сурдо таржимони ёрдамида диний маърузалар, хусусан жума суҳбатлари қилинмоқда. Шунингдек, сурдо таржимасидаги “Диний маърифий мавъизалар” ва “Намоз сабоқлари” аудио дисклари нашр этилди, мазкур хайрия тадбирида улашилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан мунтазам равишда жисмоний имконияти чекланган кишилар ва ногиронлиги бор инсонлар учун хайрия тадбирлари уюштириш ҳамда ҳадялар бериш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Аллоҳ таоло мана шундай улуғ савобларга бурканган суҳбатларни бардавом айлаб, ҳисса қўшаётганларга икки дунё саодатини берсин.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2053 times

Янгиликлар

Top