Ўзбекистон янгиликлари

Президент фармони билан 104 нафар фуқаро афв этилди

Афв этилганларнинг 13 нафарини чет эл фуқаролари, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 1 нафарини аёл ҳамда 21 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган  гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 104 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 17 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 41 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 13 нафарини чет эл фуқаролари, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 1 нафарини аёл ҳамда 21 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 

манба: http://uza.uz/posts/192605

Read 1916 times
Tagged under

Янгиликлар

Top