Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда Қуръони Каримнинг навбатдаги нашри сотувга чиқарилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Бугун, 2 декабр куни «Ҳилол нашр» нашриёт-матбаасида чоп этилган Мусҳафи шарифнинг янги 20 минг ададдаги нашри бутун Ўзбекистон бўйлаб сотувга чиқарилди.

Нашриёт масъул ходимининг маълум қилишича, бугун сотувга чиқарилганларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда чоп этилган мусҳафлар сони жами 155 мингтага етган.

Улардан 80 мингтаси Дорус Салом нусхаси, 55 мингтаси Дорул Ғавсоний нусхаси ва 20 мингтаси Салсабил нусхасида чоп этилган. Бугун сотувга чиқарилган 20 минг ададдаги мусҳафлар ҳам Дорус Салом нусхаси асосида чоп этилган.

«20 минг ададда Дорус Салом нусхаси асосидаги мусҳафларни сотувга чиқардик. Бу мусҳафлар четки қисмида ҳар 5 пора учун, шунинг пастки қисмида ҳар пора учун алоҳида қизил белгилар қўйилган. Бундан ташқари, ҳар саҳифада суралар номи ҳам ёзиб чиқилган», – дейди «Ҳилол нашр» бош мусаҳҳиҳи Ғиёсиддин Юсуф.

Нашриёт вакилларининг айтишича, пандемия муносабати билан бу сафар китобларнинг сотувга чиқарилиши ҳақида олдиндан эълон берилмаган. Чунки аввалги сафарлар каби катта навбатлар ва оворагарчиликлар юзага келиши мумкин эди, дейди нашриёт ходими.

Мусҳафи шарифнинг нархи 35 минг сўм бўлиб, 2 декабр куни кўпчилик китобхонларнинг талаб ва истакларини эътиборга олган ҳолда нашриётнинг барча дўконлари 20:00гача ишлаши маълум қилинди.

Маълум бўлишича, «Ҳилол нашр» нашриёти энди ҳар 3 ойда янги мусҳафлар чоп қилиб, тақдим қилишни режалаштирмоқда.

 манба: https://kun.uz/news/2020/12/02/ozbekistonda-yana-20-ming-adadda-mushafi-sharif-sotuvga-chiqarildi
 
Read 2018 times

Янгиликлар

Top