Ўзбекистон янгиликлари

“Термизнинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий онлайн-конференцияcи ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, Имом Термизий ҳамда термизий алломалар, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш; турли мафкуравий хуружлар авж олаётган бугунги кунда аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш, улардаги эзгу ғоя ва таълимотларни кенг халқ оммасига етказиш ва шу асосда ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш; хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар ҳамда буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш вазифалари белгиланган.

Юқорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA), Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида “Термизнинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий онлайн-конференцияcи ўтказилади.

Конференция аввалида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурилдаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари М.Комилов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари К.Ишматбеков, Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Б.Қодиров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Мунаваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Умаров сўзга чиқишиб, улар томонидан конференциянинг бугунги кундаги аҳамияти, халқаро илмий ҳамкорлик алоқаларини ҳозирги таҳликали замонда муҳим эканлигини таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурилдаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов
Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари К.Ишматбеков
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Мунаваров
Кириш қисмида Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) директори Халит Эрен ҳам сўзга чиқди ва қуйидагилар сўзларни айтиб ўтди: “Ушбу конференцияда қатнашиб унинг очилишида сўзга чиқишдан хурсандман. Термизий рутбасини тарихий асарларда кўп учратамиз. Бунга сабаб Термиздан кўп олимларнинг чиққанлигидир. VII-IX асрларда Термиз ислом маданияти ва маърифати марказига айланди. Конференцияда тақдим қилинадиган тадқиқотлар оммалашади. Марказий Осиё Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA)нинг доимо диққат марказидадир. Марказимиз бундан олдин Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тожикистон фанлар академияси, Қозоғистон ва Қирғизистон республикалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Айни пайтда имзоланиши кутилаётган меморандум Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ўрганилаётган термизий олимлар асарларининг дунё бўйлаб ўрганилишига эришади”.
Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) директори
Халит Эрен

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) ташкилотлари ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Умаров меморандум имзолаш жараёнида

Туркиянинг Мармара университети илоҳиёт факултети ҳадислар бўлими илмий ходими Aйше Эсра Сaҳйaр “Сунан ат-Термизийнинг аҳамияти ва унинг шарҳи”, Инону университети илоҳиёт факултети илмий ходими Вейсел Ўздемир “Имом Термизийнинг “Илм ал-ҳадис” даги маҳорати”, Сакаря университети ўқитувчиси Эндер Буюкўзкара “Ҳаким Термизий ва Бурҳониддин Термизий қарашларида қалб масаласи”, Туркия Шеҳир университети ўқитувчиси Бетул Синан Низам “Бурҳониддин Термизий ирфони”, Туркия қўлёзмалар институти, қўлёзмалар бўйича мутахассис Aрафат Aйдин “Исо ат-Термизийнинг ал-Жомеъ ва Шамоил ан-Набавиянинг баъзи қўлёзмаларига оид кузатишлар”, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Мирза Кенжабек “Сунани Термизий асарида номлари зикр қилинган муҳаддис термизийлар”, Халқаро ислом тадқиқотлар академияси директори ўринбосари Aбдузар Ҳайрий “Термизнинг ижтимоий-маданий қийматининг аҳамияти”, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими Жалолиддин Мирзайев “Ислом даврида Термиз тарихи: натижалар, муаммолар, ечимлар”, Хўжанд давлат университети ўқитувчиси Aзизов Сорбон “Бурҳониддин Термизий “Маъориф” асарининг аҳамияти”, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Жўрабек Чўтматов “Илк Ислом манбаларида Термиз маънавий муҳити”, Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) котибият мудири Aширбек Мўминов “Термизнинг Ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни”, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги исломшунослик маркази директори ўринбосари Рустам Aзизий “Илк ҳанафийликда Термизнинг тутган ўрни”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Иброҳим Усмонов “Ҳаким Термизийнинг “Наводир ал-усул” асарининг аҳамияти”, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Саидакбар Муҳаммадаминов “Термизий алломалар қўлёзмаларининг жаҳон фондида сақланиши” мавзуларида маърузалар қилишди.

Мармара университети илоҳиёт факултети ҳадислар бўлими илмий ходими
Aйше Эсра Сaҳйaр
Ислом тарихи, санъати ва маданияти илмий-тадқиқот маркази (IRCICA) котибият мудири Aширбек Мўминов
Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Иброҳим Усмонов
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Мирза Кенжабек
Инону университети илоҳиёт факултети илмий ходими Вейсел Ўздемир
Халқаро ислом тадқиқотлар академияси директори ўринбосари Aбдузар Ҳайрий

Конференция давомида дунё бўйлаб Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан алломаларимизнинг бой илмий меросини ўрганиб, уни тадқиқ қилиб келаётган олимларнинг юртимиз, ҳусусан, термизий нисбасидаги Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Бурҳониддин Термизий, Хожа Самандар Термизий ва Ислом маданиятига улкан ҳисса қўшган бошқа термизийлар алломалар ва уларнинг илмий меросларинининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ислом цивилизацияси тарихини ўрганишда Марказий Осиё омили асосий ўринлардан бирида туради. Бу ерда мавжуд улкан илмий мероснинг шаклланиш асосларини тадқиқ этиш, алоҳида хусусиятларга эга мактаб сифатида баҳолаш ва бутун ислом оламига таъсир доирасини белгилаш кабилар долзарб аҳамиятга эга.

Термиз – Марказий Осиё исломий тарихининг бошланғич муҳим нуқталаридан бири сифатида алоҳида диққатга сазовордир. Вилоят ва шаҳар сифатидаги ушбу ҳудуд милодий VII асрнинг охирги чорагидаёқ ўзининг янги исломий тарихини бошлаган. Шундан сўнг асрлар давомида Термиздан юзлаб олимлар етишиб чиқиб, улар томонидан тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф илмларида ўзига хос мактаб яратилди, шунингдек, астрономия, математика, табобат каби фанларда ҳам бир қатор асарлар битилган.

Маърузалар давомида хорижий фондларда сақланилаётган термизий алломаларига оид қўлёзмаларни асли ёки электрон факсемеле нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ҳақида таклифлар билдирилди. Ўтказилган анжуман Ўзбекистон, Туркия, Ироқ, Ҳиндистон, Тожикистондаги термизийшунос олимлар ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйилишига асос бўлди. Анжуман иштирокчилари томонидан ҳар томонлама мафаатли, термизий алломалар ҳаёти ва маънавий меросини тадқиқ этиш бўйича янги қирраларни очилишига асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида термизий алломаларининг қўлёзмалари, даврий нашрлари ва термизий алломалар ҳақидаги тадқиқотларнинг жамлаб бориш таклифи билдирилди.

 

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати

Read 1647 times

Янгиликлар

Top