Шу йил 17 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг истиқболдаги режаларига бағишланган халқаро онлайн анжуманда иштирок этиб, нутқ сўзладилар.
Онлайн халқаро анжуман Марказ фаолиятини халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳадаги жаҳоннинг етук олимлари билан тажриба алмашиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимоти асосларини жаҳонга танитиш мақсадида ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик ва хорижлик таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, диний таълим муассасалари, илмий марказлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ушбу Марказ жамоаси иштирок этди.
Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами халқаро ташкилоти (IСESCO) бош директори, доктор Салим ал-Малик, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд, Туркиянинг Диёнат ишлари бошқармаси раиси профессор Али Эрбаш, Ибн Халдун университети президенти профессори Ражаб Шентурк каби нуфузли олим, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этишди.
Онлайн анжуманда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу илму ирфон марказини ташкил этишдан бош мақсад Имом Мотуридий, Имом Насафий каби мутакаллим аждодларимиз меросини илмий ўрганиш, калом илми мактаби анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишда изланишлар олиб бораётган илмий ходимларга муносиб шарт-шароитлар яратиш кабилардан иборат эканини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Имом Мотуридийнинг ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, аллома асарларидаги ақидавий таълимотлар ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги маълумотлардан кенг фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳам асосий вазифа эканини муфтий ҳазратлари қайд этиб ўтдилар.
Шунингдек, анжуманда сўзга чиққанлар Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ва масъулиятли вазифа эканини таъкидлашди, бу борада юртимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолашди.
Шунингдек, унда Миср, Марокаш, Иордания, Туркия, Покистон, Германия, Босния ва Герцеговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Индонезия, Буюк Британия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Мавритания, Тунис, Ҳиндистон, Бруней ва Австрия каби мамлакатлардан 50 дан зиёд соҳа вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари қатнашди.
Халқаро онлайн анжуман иштирокчилари мафкуравий таҳдидларга қарши курашда мустаҳкам ҳамкорлик зарурлигини таъкидлаб, ўзаро тажриба алмашиш, Ислом дини ниқобидаги оқимларнинг ғоялари тарқалишининг олдини олиш борасида қилинадиган ишлар режасини ҳам муҳокама қилишди.
Тадбир сўнгида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами халқаро ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Маълумот учун, ушбу марказга Президентимизнинг жорий йил 11 августда имзолаган “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан асос солинган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати