Туризм — мамлакат иқтисодиёти ва тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Бугунги кунда мазкур соҳанинг ўзига хос тармоқлари — экотуризм, агротуризм, зиёрат туризми йўналишлари ривожланмоқда. Шу боис туризмни замон талаблари даражасида ташкил этиш ҳамда уни малакали ва илғор тажрибага эга ёш мутахассис кадрлар билан таъминлаш долзарбдир.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Ипак йўли” туризм халқаро университети ўртасида имзоланган англашув меморандуми соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов юртимизнинг туризм салоҳияти, бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, зиёрат туризмини янада ривожлантириш борасида ишлаб чиқилаётган “Йўл харитаси” ҳамда мазкур тармоқ учун юқори малакали кадрларга эҳтиёж ва талаб ортиб бораётганини таъкидлади.
– Маълумки, дунё аҳолисининг катта қисмини муқаддас ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этади, – деди Р.Қосимов. – Дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган она Ватанимиз эса қадим тарих ва улуғ алломалар юрти ҳисобланади. Шу боис юртимиз тарихи, унинг беназир табиати ва албатта, буюк алломалари маънавий меросидан баҳраманд бўлишни истаб бутун жаҳон мамлакатларидан саёҳатга отланувчилар кўпчиликни ташкил этади. Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг жаҳонда ўз имижи ва мавқеини ҳам белгилаб берадиган омиллардан. Шу боис мазкур соҳани ривожлантиришда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мамлакатимиз тараққиётига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбирда юртимиз тарихи, бой миллий, маданий-маънавий ва буюк аждодларимиз меросини чуқур тадқиқ этиш, соҳада фаолият юритаётган туристик фирмалар мутахассислари билим ва малакасини янги илмий тадқиқотлар асосида ошириш масаласи туризм, хусусан, бугун долзарб аҳамият касб этаётган зиёрат туризми ривожида муҳим экани қайд этилди.
– Бугун имзоланган Aнглашув меморандуми Юртбошимиз таъкидлаганларидек, зиёрат туризмини илмий ёндашув асосида ривожлантиришда дастлабки ва муҳим босқич бўлди, десак муболаға бўлмайди, – деди A.Aбдуҳакимов. – Маълумки, ўтмишнинг долғали даврлари тарихнинг кўплаб зарварақлари ўчиши, халқ хотирасидан кўтарилиши ва охир-оқибат унутилишига ҳам сабаб бўлган. Шу боис минг афсуски, бугунда юртимизнинг кўплаб азиз қадамжолари ва улуғ аллома ҳамда мутафаккирлари ҳақида айрим ҳолатларда асосли-асоссиз афсона ва ривоятлар асосида сайёҳларга маълумотлар тақдим этилиши кузатилади. Бу эса, баъзан кишида янглиш фикр ва хатоликларни келтириб чиқариши мумкин. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан имзоланган англашув меморандуми юртимизда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, қадимдан илм-маърифат бешиги бўлган она заминимиз нафақат ўз табиати ва беназир иқлими, балки жаҳонга машҳур улуғ мутафаккир ва алломалари билан ҳам ном қозонган. Буни қадим Самарқанд, Бухоро, Хива, Кеш, Насаф, Шошу Ҳуқанд шаҳарлари-ю уларда камолга етиб, илм-маърифат туғини баланд кўтарган Бухорий, Насафий, Термизий, Фарғоний ва Шошийлар қолдирган бебаҳо маънавий меросда кўриш мумкин.
Туризм соҳасини ривожлантириш борасида ўзаро фикр алмашиш орқали мавжуд муаммоларга ҳамжиҳатликда илмий ёндашув асосида ечим ахтариш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида фикр юритилган анжуманда масъуллар томонидан туристик фаолият билан шуғулланувчи фирма вакиллари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари саволларига атрофлича жавоб берилди.
Ўзбекистон Халқаро
ислом академияси матбуот хизмати