Аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилаётган хайрия тадбирлари Бухоро вилоятида ҳам юқори савияда ўтказилмоқда.
Лойиҳа доирасида 199 та зиёратгоҳларда қурбонликлар қилинмоқда. 3 та Мурувват ва 1 та Меҳрибонлик уйларида хайрия оши ташкил этилди. Меҳрибонлик уйига 3 та телевизор, 3 та Мурувват уйларига эса ҳар бирига 2 тадан кир ювиш машинаси, дазмол, кир қуритиш дори ва дазмол қилиш учун доска етказиб берилди. Вилоятдаги ҳар бир маҳалладан 10 тадан муҳтож оилаларга 12 турдаги (500 минг сўмлик) жами 5 минг 440 тўплам озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилмоқда.
Лойиҳа жорий йилнинг 25 декабрь тонгидан бошланди.
-Бахтсиз ҳодиса туфайли оёқларимдан айрилиб, уйда ўтириб қолдим, -дейди Олот туманидаги Оқ олтин МФЙда яшовчи фуқаро Азим Полвонов. –Аммо, бир зум бўлсада, тиним билганим йўқ. Уйда тунукасозлик билан шуғулланиб, оиламга имкон қадар даромад олиб келяпман. Бироқ, жорий йилнинг баҳорида рўй берган табиий офат бизни анча мушкул аҳволга солиб қўйди. Давлат раҳбарининг кўмаги билан уйимиз буткул таъмирлаб берилди. Бугунги саховат эса юртимиздаги мен каби имконияти чекланган шахсларга қўшимча кўмак бўлди.
-Тадбирларни юксак савияда ташкил этиш мақсадида вилоят ҳокимлигида масъул идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат штаб ташкил қилинди, - дейди вилоят ҳокимлиги аппарати котибият мудири Акбар Рустамов. - “Бухоро озиқ-овқат” МЧЖ билан биргаликда ҳар бири 500 минг сўмлик жами 5 минг 440 та озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқланди. Қурбонлик қилинадиган 19 та қўй ўрнатилган тартибда харид қилиниб, туманларга етказилди.
Бухоро шаҳридаги болалар Мурувват уйи ҳамда Қоракўл туманидаги эркаклар Мурувват уйида хайрия тадбирларини ўтказиш учун барча ташкилий ишлар амалга оширилди. Хайрия дастурхони юқори савияда ўтказилди.
Жойларда қурбонликлар сўнггида Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлилиги, осойишталиги ва тараққиёти, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинди. Вилоятдаги 106 та масжиднинг барчасида 6 кун давомида хуфтон намозидан кейин Қуръон хатми амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА