Ўзбекистон янгиликлари

“ЧИМ” ЖОМЕ МАСЖИДИНИНГ ЯНГИ ХОНАҚОСИ

Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди 1991-йилда ҳашар йўли билан барпо этилган. Аҳолиси йигирма мингдан зиёд Чим қишлоғи оқсоқолларидан бўлган марҳум устозимиз, ушбу масжидга кўп йиллар имом-хатиблик қилган мулла Худойберди бобо Абдуллаев ташаббуси ва саи-ҳаракатлари билан икки юз нафар намозхонга мўлжаллаб қурилган бино ҳали фойдаланишга яроқли эди. Бироқ бугунги давр талаблари ва намозхонлар сонининг ортиб бориши масжиднинг янги биноси барпо этилишига сабаб бўлди.

Қишлоқ Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларини ҳамда Қарши шаҳри билан Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи туманларини боғловчи катта (магистрал) йўллар кесишган нуқтада жойлашган. Бунинг устига, ён-атрофдаги бошқа қишлоқларда жоме масжид бўлмагани учун ҳам жамоат намозлари, хусусан икки ҳайит ва жума кунлари намозхонлар эски хонақога сиғмай қолишаётган эди. Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси асосида, “Вақф” хайрия жамоат фонди кўмагида янги хонақо қуриб битказилди.

Тўрт юз кишига мўлжалланган, икки ёни ва олди ҳам текисланиб, ховлисига яна олти юз кишини сиғдиришга шароит яратилган ушбу масжид биноси янги йил арафасида фойдаланишга топширилди. (Эски хонақо эса йўловчи аёллар учун масжид сифатида қолдирилди.)

Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, вилоят ва туман имомлари, аҳли илмлар, қишлоқ нуронийлари қатнашди. Эҳсон дастурхонидан сўнг Қуръон ўқилиб, хайрли дуолар қилинди. Жума намозига келган жамоатнинг ўзи янги хонақо ва айвонни тўлдиргани кўнгилларни хушнуд этди.

 

Абдулазиз Абдуллаев,

“Чим” жоме масжид имом-хатиби

Read 1456 times

Янгиликлар

Top