Ўзбекистон янгиликлари

Катта йўл ёқасидаги жоме масжиднинг янги биносида илк жума намози ўқилди

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан юртимизнинг чекка ҳудудларидаги масжидларни таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу хайрли ишларда саховатпеша ҳамюртларимиз имконият доирасида ҳомийлик қилмоқда. Ушбу кўмаклар билан масжидлар барпо этилиб, намозхонлар учун кенг шароитлар муҳайё қилинмоқда. Мана шундай янгидан қад ростлаган жомелардан бири Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” масжидидир.

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди 1991 йилда ҳашар йўли билан барпо этилган. Аҳолиси йигирма мингдан зиёд Чим қишлоғи оқсоқолларидан бўлган марҳум устозимиз, ушбу масжидга кўп йиллар имом-хатиблик қилган мулла Худойберди бобо Абдуллаев саъй-ҳаракатлари билан икки юз нафар намозхонга мўлжаллаб қурилган эди. Бироқ бугунги давр талаблари ва намозхонлар сонининг ортиб бориши масжиднинг янги биноси барпо этилишига сабаб бўлди.

Қишлоқ Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларини ҳамда Қарши шаҳри билан Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ, Чироқчи туманларини боғловчи катта магистрал йўллар кесишган нуқтада жойлашган. Бу ўз навбатида юртимизда зиёрат туризмини ривожланишига катта ҳисса қўшиб, сайёҳларга қулай шароит ҳозирлайди.

Бунинг устига, ён-атрофдаги бошқа қишлоқларда жоме масжид бўлмагани учун ҳам жамоат намозлари, хусусан икки ҳайит ва жума кунлари намозхонлар эски хонақога сиғмай қолишаётган эди. Шунинг учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари тавсиялари билан янги хонақо қуриб битказилди.

Тўрт юз кишига мўлжалланган, икки ёни ва олди ҳам текисланиб, ҳовлисига яна олти юз кишини сиғдиришга шароит яратилган ушбу масжид биноси фойдаланишга топширилди. Эски хонақо эса йўловчи аёллар учун масжид сифатида қолдирилди.

Ўтган жума куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бош мутахассиси Искандар домла Халилов, вилоят ва туман имомлари, аҳли илмлар, қишлоқ нуронийлари қатнашди. Эҳсон дастурхонидан сўнг Қуръони карим оятлари ўқилиб, хайрли дуолар қилинди. Жума намозига келган жамоатнинг ўзи янги хонақо ва айвонни тўлдиргани кўнгилларни хушнуд этди.

Жума намози сўнггидаги дуоларда Искандар домла Халилов масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилинди. Жумладан, масжид барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшган инсонлар, қурувчи-муҳандислар, саховатпеша кишиларнинг ҳақларига кўпдан-кўп дуолар қилинди.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).

Масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимиз масжидлар биносини янгидан барпо этиш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.
Олийҳиммат инсонларимиз сабаб диёримиздаги масжидлар мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам бўлмоқда, хонақоҳлари кенг ва ёруғ қилинмоқда, атрофлари обод ва кўркам этилмоқда ҳамда қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб борилмоқда.

Аллоҳ таоло мана шундай жомеларни халқимизга муборак айласин.


Шомурод МИРЗАЕВ,
“Чим” жоме масжиди имом ноиби

Read 2073 times

Янгиликлар

Top