Ўзбекистон янгиликлари

ВАҚФ ФОНДИ ИККИ ОЛИС ҚИШЛОҚ КИТОБХОНЛАРИНИ ХУРСАНД ҚИЛДИ

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Зумар сураси, 9 оятида шундай марҳамат қилган:

«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!»

 

Мутолаа қилиш, айниқса диний-маърифий мазмундаги китобларни ўқиш, халқ тафаккурининг кенгайиши, илм даражасининг ўсиши ва ўз динини яхшироқ ўрганишга сабаб бўлади.

 

Халқимиз орасида китобхонликни тарғиб этиш мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шундай улуғ савобли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида Вақф хайрия жамоат фонди томонидан доимий равишда кўплаб хайриялар ўтказилмоқда.

 

Мана шундай хайрли тадбирнинг навбатдагиси жорий йилнинг 6 январ куни Республикамизнинг икки олис қишлоқлари учун амалга оширилди.

 

Жумладан, Самарқанд вилояти, Булунғур тумани, “Елобод” МФЙ ҳамда Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, “Тоқчилик” МФЙ қошида ташкил этилган халқ кутубхоналарини ривожлантириш мақсадида ҳар бир кутубхона учун 19 хил турдаги 95 дона ҳамда 38 хил турдаги 190 дона китоблар жамланмаси олис қишлоқлардаги китобхонларга хайрия қилинди.

 

Мазкур хайрия тўпламларидан Қуръони каримнинг тафсири бўлган “Тафсири ирфон”, “Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам)нинг муборак васиятлари”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мўъжизалари”, “Ҳазрати Имом”, “Суннат ва ҳадис”, “Видо Хутбаси”, “Расулуллох рамазонда” ва бошқа фойдали китоблар жой олган.

 

Умид қиламизки, ушбу мўтабар асарлардан қишлоқ аҳли унумли фойдаланади.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди – яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир!

"Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

Read 1875 times

Янгиликлар

Top