Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Малайзия “зиёрат туризми” соҳадаги ҳамкорлик бўйича янги ҳукуматлараро битим тузишади

Малайзия чегаралари 2021 йил 31 март кунигача ёпилганига қарамасдан, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан юртимизга сайёҳлар оқимини янада ошириш, Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятларини кенг тарғиб қилиш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида дипломатик миссия жамоаси ўзбекистонлик ва малайзиялик шериклар билан биргаликда мазкур соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги ҳукуматлараро битим тузиш устида иш олиб бормоқда.
Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлигига интервьюда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Равшан Усмонов маълум қилди.
“Мазкур ҳужжат Малайзия масжидларида жума намозлари чоғида мамлакатимизнинг маънавий-маърифий меросини кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистон туризм саноати вакиллари учун вебинарлар ташкил этиш, «muslim friendly» ва «halal tourism» стандартларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш, Малайзия ислом туризми маркази экспертларини жалб этган ҳолда малай тили ўқув курсларини ташкил этиш, шунингдек малайзиялик шериклар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “зиёрат туризми” соҳасида кадрлар малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон-Малайзия марказини очиш каби лойиҳаларни ўз ичига олади”, - аниқлик киритди элчи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1525 times

Янгиликлар

Top