Ўзбекистон янгиликлари

Ёлғон (фейк) ва нохолис ахборот тарқатганлик учун қандай жазо бор?

Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда аҳолини саросима ва ташвишга соладиган турли нохолис ва ёлғон хабарлар тарқатишга мойил гуруҳлар пайдо бўлмоқда. Нохолис ахборот тарқатувчиларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар хусусида АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева батафсил маълумот берди.

Мулозимнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар орқали ишлаб чиқарувчи ёки рақобатчини обрўсизлантириш ёхуд иқтисодий зарба бериш мақсадида асосланмаган, ёлғон овозли, фото ва видеохабарларни тарқатиш Жиноят кодексининг 192-моддасида белгиланган жавобгарлик билан жазоланади.

Туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳамда Жиноят кодексининг 139-моддасида жавобгарлик белгиланган.

Шунингдек,  ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексининг 102(1)-моддасида шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли маънавий зарар етказилган бўлса, етказувчининг айбидан қатъий назар қопланиши лозимлиги  кўрсатиб ўтилган.

Ёлғон хабарлар тарқалишини олдини олиш ва уни тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида 2020 йил 25 декабрь куни қабул қилинган ЎРҚ 658-сон Қонуни билан ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202 моддасига кўра жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки bнтернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 (11 млн 150 минг сўм) бараваридан 100 (22 млн 300 минг сўм) бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 244 моддасига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (44 млн 600 минг сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилиниб борилаётган хабарларни тарқатиш, оммага етказишда ҳушёрликни ошириш, авваламбор хабарнинг аниқлиги ва ишончлигини расмий манбаалар орқали текшириб олиш тавсия этилади.

 

azon.uz

Read 1784 times

Янгиликлар

Top