Ўзбекистон янгиликлари

Бобур ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти билан ҳамкорликда “Sintez film” киностудияси томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида тарихий-ҳужжатли фильм тасвирга олинмоқда.
Мазкур фильм Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари юзасидан амалга оширилмоқда. Мазкур кинокартина "Халқ юраги" номи остида суратга олинаётган 24 қисмли туркум фильмлардан бири.
Кинокартинада шоҳ ва шоирнинг кенг дунёқараши, улкан ақл-заковати, салтанатни бошқаришдаги салоҳияти ёритилади, Бобур Мирзо ҳаётининг хронологияси қамраб олинади. Шунингдек, воқеалар ривожига “Бобурнома” асари асос қилиб олинган бўлиб, асарда Бобур ўз қўллари билан баён этган ҳаёти давомидаги залворли воқеаларни жонлантириш орқали фильм мазмуни очиб берилади.
"Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ахборот хизмати билдиришича, сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Бобур Шер ўғли, иккинчи режиссёр Ботир Абдураҳмонов, постановкачи оператор Диёр Исматов, постановкачи рассом Санъат Кенжаев, продюсер Хуршид Алихўжаев.
Актёрлар Илҳом Бердиев, Элбек Файзиев, Илмира Раҳимжонова, Баҳрилло Раҳимов, Алишер Йўлдошев, Мансур Абдухолиқов, Райҳон Асадова, Умид Зокиров, Далер Темуров, Зариф Ҳасанов, Умар Жумаев, Нида Хан, Ҳажра Ҳаниф, Нир Муртаза, Вимал Саини ва бошқалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1467 times

Янгиликлар

Top