Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази малайзиялик ҳамкасблари билан ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекади

4 февраль куни мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ва Малайзия Ислом цивилизацияси институти (МИЦИ) Бош директори Фариза Шом ўртасида видеоконференция ташкил этилди, хабар бермоқда "Жаҳон" АА.


Телеконференция давомида Малайзия томони 2018 йилда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишди. Хусусан, унинг асосий мақсадлари маърифатли Исломни ўрганиш, шунингдек, диний-маърифий тадбирлар ва халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш орқали Ўзбекистон олим ва мутафаккирларининг буюк мероси ҳақида аҳоли ва халқаро ҳамжамиятнинг хабардорлигини оширишдан иборат эканлиги алоҳида таъкидланди. Марказ фаол фаолиятни олиб бормоқда ва бу соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлиги таъкидланди.


Ўз навбатида Фариза Шом Ислом цивилизацияси бешиги ва замонавий илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган дунёга машҳур олим ва мутафаккирларнинг ватани бўлмиш Ўзбекистон Малайзиянинг илмий-академик ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади.


Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ҳамкорликнинг илк қадами сифатида томонлар 8-9 апрель кунлари "Ислом цивилизациясининг буюк алломалари"мавзусида қўшма онлайн-семинар ташкил этишга келишиб олдилар. Семинарнинг асосий мақсади буюк ўзбек мутафаккирларининг Ислом цивилизацияси, жумладан, илоҳиёт, Ислом ҳуқуқи, тарих, фалсафа, математика, астрономия ва тиббиёт ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини очиб бериш ҳамда илмий-тадқиқот ва билим алмашиш, икки мамлакат илмий муассасалари ўртасидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.


Бундан ташқари, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти икки муассаса фондларида сақланаётган нодир қўлёзмалар ва литографик китобларнинг каталоглари билан алмашиш муҳимлигини таъкидлади. Бу қўшма тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлган Ўзбекистон ва Малайзиядаги диний тадқиқот марказларининг илмий ресурсларини кенгайтириш имконини бериши қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Малайзияда дин соҳасида ўтказилаётган тадбирлар ва тадқиқотлар ҳақида икки мамлакат жамоатчилигининг хабардорлигини ошириш учун МИЦИ ва ЎИЦМ журналларида юқорида кўрсатилган марказлар вакилларининг илмий-тадқиқотчилик ишларини мунтазам равишда нашр этиб бориш таклиф этилди.


Тадбир якунлари натижасида томонлар жорий йилнинг март ойи бошида юқоридаги соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимни онлайн тарзда имзолаш маросимини ўтказишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1526 times

Янгиликлар

Top