Ўзбекистон янгиликлари

Islom.uz порталида «Арбаъин» ҳадис мусобақаси ўтказилди

Мўмин эрмастур, улки иймондин

Рўзгорида юз сафо кўргай,

Токи қардошиға раво кўрмас —

Неким ўз нафсиға раво кўргай.

Алишер Навоий

 

6-7 февраль кунлари «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган «Арбаъин» танловининг эркак ва аёл-қизлар ўртасидаги мусобақаси ўтказилди.

Ушбу танлов Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш ва мутафаккирнинг қирқ ҳадис тўплами – «Арбаъин»ни билиш кўникмасига асосланди. «Арбаъин» – «қирқта» дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат ҳадис китобларига айтилади. Шу услубда асар яратиш Ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос ва туртки бўлган:

«Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ҳамда Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».

(Имом Байҳақий, Дайламий, Абу Нуъайм ва Ибн Жавзийлар ривоят қилган).

Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди Аллоҳга иймон келтирган, Қуръони Каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган шоир ва мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодидир.

Шунингдек, ҳадисларнинг деярли барчаси комил инсон ахлоқига оид қарашларни ўзида акс эттирганини кўриш мумкин. Бу ҳадисларда инсонлар яхшилик қилишга чорланади, ёмон иллатлардан қайтарилади, умуман олганда, улар инсоннинг ҳаёт ва жамиятдаги вазифасини англатади. Масалан, «Инсонларнинг энг яхшиси – инсонларга фойдаси тегадиганидир» деган ҳадисни Алишер Навоий туркий тилда шундай ифода этади:

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?

Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.

Яхшироқ бил ани улус ароким,

Етса кўпрак улусқа нафъ андин.

Умуман олганда, «Арбаъин» асари инсоннинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Islom.uz портали томонидан ташкил этилган танловни жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Танлов икки йўналишда ўтказилди.

Биринчи йўналиш иштирокчиларидан ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва Навоийнинг тўртликларини ифодали ёддан ўқиб бериш сўралди.

Иккинчи йўналишда эса ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимасини, ҳадис ровийсини айтиш ҳамда тўртликни ифодали ёддан ўқиб бериш сўралди.

Ҳар икки йўналишда ҳам иштирокчилар билет танлади ва ундаги 4 тадан саволга жавоб берди.

Аёл-қизлар ўртасидаги «Арбаъин» танлови мусобақа ғолиблари:

Ҳадиснинг ўзбекча таржимаси ва арабча матни ҳамда уни ровийлари, шунингдек, тўртликларни ифодали ёд олган ҳолда айтиш бериш бўйича:

Танловнинг энг кичик ёшдаги қатнашчиларидан бири, тошкентлик Тоҳирахон Аббосова олий ўринга муносиб кўрилди. Иккинчи ўринни Гўзалой Алишерова, фахрли учинчи ўрин эса Оиша Мирзажоновага насиб этди.

Ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва тўртликларни ифодали ёддан айтиб бериш йўналиши бўйича:

Биринчи ўринни Маҳлиё Шуҳратова, иккинчи ўрин эса Шабнам Ғаниевага ҳамда учинчи ўрин Маҳфуза Мамажоновага насиб этди.

Эркаклар ўртасидаги «Арбаъин» танлови мусобақа ғолиблари:

1-йўналиш бўйича Ҳабибуллоҳ Ўринбоев биринчи ўрин, Исфандиёр Шокиржонов иккинчи ва Нодир Муродиллаев учинчи ўринларни қўлга киритди.

2-йўналиш бўйича Абубакр Баратов олий ўрин ғолиби, Қурбон Исматов иккинчи ҳамда Достонбек Султонов учинчи ўринларга муносиб кўрилди.

Барча ғолиб ва совриндорларга, шунингдек, иштирок этганларга «Ҳилол-нашр» нашриёти томонидан эсдалик совғалар топширилди.

Навоий ҳазратлари ҳақида kun.uz сайтида «Навоий – музей экспонати эмас, у биз билан яшаши керак» сарлавҳали мақола берилди. Ушбу мақолада Навоий ҳазратлари ҳақида долзарб ва муҳим бўлган маълумотлар ёритиб берилган.

Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти, навоийшунос олим Акром Малик шундай дейди: «Кейинги пайтларда шундай бир уринишлар бўлдики, Навоийни дунёга танитиш керак». — Буни сунъий уриниш деб баҳолайман, яъники шарт бўлмаган бир иш. Чунки биз ҳали аждодларимизни яхши танимаймиз. Нега ўзимиз яхши билмаган ҳолатда дунёга танитишимиз керак. Гарчи туркий тилда ижод қилган ижодкор бўлса-да, омматан айтаман, моҳиятига етиб борганимиз йўқ. Ҳар йили анъанага мувофиқ ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш, асарларининг тарғиботи одатда 9 феврал арафасида бошланади. Агар шу тарғибот йил давомида олиб борилса эди, «Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса», деб фарёд чекмаган бўлардик. Ёки «Ҳар бир калла, ҳар бир бош Навоийни ўқиши керак» дея айтилган гаплар ўз тасдиғини топган бўларди.

Шунингдек, «Навоий ташаббуси билан Қуръони каримга иккита тафсир ёзилган», дея таъкидлайди Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжиди имом-ноиби Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид. — Ҳазрат Навоий бош вазир бўлиб турган пайтларида Қуръони каримга хизмат қилиш борасида катта эътибор берганлар. У кишининг бевосита ташаббуси билан форс тилида иккита тафсир ёзилган. Шулардан бирини Ҳусайн воиз Кошифий ёзган. Шунингдек, «Дорул ҳуффоз» деб номланган қорихона ҳам қурдирган. Қорихонага ўзларининг бир тўртлигини илдириб қўйган эканлар.

Бу даврда йўқ сен кеби хушхон ҳофиз,

Ҳуффоз аро сарҳалқайи даврон ҳофиз.

Қуръонға сен ўлған кеби яксон ҳофиз,

Бўлсун санга барча ишда Қуръон ҳофиз.

У кишининг фаолиятлари Қуръонга, дин илмларига мана шундай боғлиқ бўлган, зотан, у даврда дин илми, бошқа илм деган айирмачилик бўлмаган. Шунинг учун Навоийнинг ижодини Қуръон ва ҳадиссиз тасаввур қилолмаймиз.

Афсуски, ўртадаги динсизлик даврида халқимиз асл манбалардан узоқлашиши оқибатида Навоий ижодини Қуръондан айри ҳолатда талқин қилиш давр талаби ҳам бўлган. Халқимиз бошқаларнинг юзаки қарашларини қабул қилишга мажбур бўлди.

Навоий ижодида Қуръон оятлари мазмунини ҳар қадамда учратамиз. Ҳадис маъноларини учратамиз, ислом ақидасини кўрамиз. Мисол учун, «Хамса» ишқий афсонадан иборат эмас, балки тасаввуфий мазмунга эга асар ҳисобланади. Низомий Ганжавий Навоийнинг таъкидлашича 40 чилла ўтириб ёзган. Чилла ўтириш бу тасаввуф аҳлининг узлати ҳисобланади. Аллоҳга узлат қилиб ёзилган асар қанақасига тасаввуфдан айри оддий ҳикоялар ёки шаҳвоний ишқ бўлиши мумкин.

Навоийнинг тасаввуфи бу – ислом тасаввуфи. Бу бошқа бир динлардан таъсирланиб шаклланган эмас, тўла-тўкис Қуръон ва ҳадис ҳамда тасаввуф уламоларининг фикрларидан хулосаланган тасаввуф. Шулардан сизиб чиққан ўз фалсафий қарашларини назмда ва насрда баён қилганлар.

Шунинг учун ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, Навоий ижоди Қуръон ва ҳадисдаги фалсафий қарашлар, тасаввуфий ёндашувларнинг назмдаги инъикоси, Навоий тилидаги жаранги. Ислом фалсафаси, ислом эътиқоди умуминсоний тушунчалар билан жуда кўп жиҳатдан ҳамоҳанг, шунинг учун ҳам Навоий дунё миқёсидаги мутафаккир ва айни вақтда ислом фалсафасини тараннум этган мутафаккир.

Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш биз, фарзандларнинг шарафли бурчимиздир. Бундай улкан вазифани шараф билан адо қилиш бахтини ҳозирги илм ва маърифат кишиларига, алалхусус, Алишер Навоийга ўзини авлод деб билган сизу бизлар – барчамизга Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб этсин!

Islom.uz сайти

Read 1659 times

Янгиликлар

Top