Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Қорақалпоғистонда масжидлар сони 54 тага етди

19 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Мўйноқ тумани “Қазақдаря” овул фуқоролар йиғини ҳудудидаги “Қорақум эшон” жоме масжидини давлат рўйхатидан ўтказди.

Шу муносабат билан ушбу масжидда ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон мусулманлари қозиёти қозиси Шамсуддин Баҳоуддинов, Республиканинг Адлия вазирлиги вакиллари ва намозхонлар иштирок этди.

Тадбирда қози Шамсуддин домла Баҳоуддинов иштирокчиларга юртимизда
диний соҳадаги амалга оширилаётган ислоҳотлар, обод бўлаётган масжид ва мадрасалар ҳақида сўзлаб берди, ушбу масжид қурилишига яқиндан ёрдам берган барча инсонларга ташаккур билдирди. Йиғилиш давомида масжид ходимларига жоменинг давлат рўйхатидан ўтгани ҳақидаги гувоҳнома топширилди.

Шундан сўнг масжидда жума намози ўқилди. Қуръони карим хатм қилиниб, “Қорақум эшон” мадрасасининг асосчиси марҳум Қутлихўжа бобо ва бошқа уламолар, ушбу масжидга ҳисса қўшган кишилар ҳақига дуои хайрлар қилинди.

“Қорақум эшон” жоме масжиди Республика марказидан узоқда Мўйноқ туманидаги олис “Қазақ даря” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган.
Маҳаллий ҳокимият томонидан аҳоли мурожаатга биноан масжид қуриш учун “Қозоқдарё” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан ер майдони ажратилган эди. Бир йил ичида маҳаллий аҳоли ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида намозхонлар учун барча қулайлиларга эга бўлган жоме қуриб битказилди. Масжидга ўз даврининг маънавият ва маърифат маркази бўлган «Қорақум эшон» мадрасасининг номи берилди.

Маълумот учун, «Қорақум» мадрасаси ХIХ асрнинг ўртаси ва иккинчи ярмида Қорақалпоғистоннинг диний, маърифий ва тасаввуф маркази “Қорақум” масжид-мадрасаси бўлган, унда ХIХ аср охри ва ХХ асрнинг бошида қорақалпоқ халқининг кўплаб фарзандлари таълим олган, шулардан қорақалпоқ халқининг мумтоз шоирлари Бердақ, Кунхожалар таълим олган.

Аллоҳ таоло ушбу масжиднинг мўмин-мусулмон халқимизга қиёматга қадар хизмат қилишини насиб қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1851 times

Янгиликлар

Top