Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Динлар ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш бўйича Н.Назарбаев маркази раҳбари Булат Серсанбаев жанобларини қабул қилди.
Учрашувда Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ва Қозоғистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Диний идоранинг фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар.
Жумладан, Давлатимиз раҳбари томонидан диний соҳага берилаётган эътибор, диний соҳа вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, хориж мамлакатларидаги мусулмонлар идоралари, хусусан, Қозоғистон мусулмонлари идораси билан турли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, зиёрат туризми йўналишида алоқаларни йўлга қўйилаётгани, ёшлар таълим-тарбияси борасида қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Булат Серсанбаев ўз сўзида ушбу марказ Нурсултон Назарбаев ташаббуси билан ташкил этилгани, ҳукумат қарорига кўра, яқинда унга Булат Серсанбаев раҳбар этиб тайинлангани, ўзи бунгача Миср, Сурия, Ироқ, Иордания, Ҳиндистон ва Хитой каби мамлакатларда фаолият юритиб, катта тажриба орттирганини маълум қилди.
Меҳмон Қозоғистонда диний-маърифий соҳада ишлар ривож топиб бораётгани, масжидлар бунёд этилаётгани, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Айниқса, Нур-Султон шаҳрида жуда катта масжид қурилаётгани, Туркистон вилоятида тарихий обидаларни обод этиш ва замонавий инфратузилмаларни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълумот берди. Айни пайтда мамлакатда 3 минг масжид ва аҳолисининг 80 фоизи мусулмонлар эканини қўшимча қилди.
Булат Серсанбаев бугунги мураккаб вазиятда, экстремизм ва радикализм каби таҳдидлар кучайган даврда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда 2022 йилда Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида дунё ва анаънавий динлар етакчиларининг VII съезди ўтказилиши маълум қилиб, муфтий ҳазратларини расман таклиф этди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати