Ўзбекистон янгиликлари

Суғурта ўрнига такофул кириб келмоқда...

Жорий йилнинг 3-март куни Тошкент шаҳридаги "Ҳилтон" меҳмонхонасида "Ўзбекистонда ислом молияси ва такафул" мавзусида анжуман бўлиб ўтаётганлиги ҳақида azon.uz сайтида хабар берилганди.

Ушбу анжуманда Апех Инсуранcе ташкилоти томонидан мамлакатимизда Ислом молияси тамойилларига мувофиқ суғурта хизматлари - Такафулни тақдим этиш бўйича янги лойиҳа - Апех Такафул тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, бир неча йилдан буён ўзаро ёрдам лойиҳаси мамлакатимизда фаолият олиб бормоқда. Ўтказилган тадбир ҳақида соҳа мутахассиси Музаффар Ҳусниддиновнинг фикрлари билан қизиқдик:
—  Анжуманда бир қатор мавзулар ёритилди. Шулар орасида Такафул - исломий суғурта мавзуси кўпчиликни диққат эътиборида бўлди. Аввало Такафул, суғурта ва ўзаро ёрдам нима, деган саволга жавоб берсак.

Ислом суғуртаси турли шаклларда амалга оширилиши мумкин, жумладан такафул, вақф, ўзаро ёрдам жамғармалари ва ўзаро суғурта кўринишида. Мисол учун, “такафул” арабча сўз бўлиб “ўзаро кафолатлаш” маъносини билдиради ва Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган, фуқаро ва ташкилотлар томонидан муайян пул маблағларини бирлаштириш йўли билан, амалга оширилиши мумкин бўлган икки томонлама суғуртага мос келади. Ушбу суғурта тури айрим мамлакатларда вақф кўринишида ҳам қўлланиб келинмоқда. Бундан молиявий маҳсулот ёки тизимнинг нафақат номига, балки унинг шакли ва тамойилларига ҳам эътибор қаратиш муҳимлигини англашимиз мумкин.  

Такафул тўғри амалга оширилиши учун махсус суғурта жамғармаси тузилади. Жамғарма аъзолари олдиндан эълон қилинган тартиб-қоидага кўра суғурта учун бадалларни эҳсон сифатида жамғармага киритишади, жамғарма эса ўз мулкига айланган ушбу маблағлар ҳисобидан аъзоларининг келишилган зарарларини қоплаб туради. Йил якунида суғуртадан ортган маблағларнинг бир қисми жамият низомидаги тартиб-қоидалар асосида кейинги йиллар захирасига олиб қўйилиши ёки аъзолар ўртасида тақсимланиши, вақф шаклида тузилган жамғарманинг қолдиғидан эса муҳтожларга моддий ёрдам ҳам кўрсатилиши мумкин.
 
Кўп ҳолларда савол туғилади: Исломий суғурта фақат мусулмонлар учунми? 
—   Йўқ бу мусулмон ва мусулмон бўлмаган барча учун мўлжалланган. Шунинг учун ҳам бу соҳа Европа ва АҚШ каби ноисломий ўлкаларда ҳам жадаллик билан ривожланиб бормоқда. Чунки бу тизимнинг жудаям кўп афзалликлари бор ва бу ҳақда Azon.uz сайтида ҳам бир қатор мақолалар эълон қилинган.


Такафулни амалга ошириш тизими ҳақида тўхталиб ўтсак. Жамғарма бошқаруви одатда тижорат ташкилотига топширилади. Бунда бошқарувчи ташкилот жамғармага эгалик қилмайди, балки жамғарма фаолиятини вакил сифатида бошқаради ва ўзининг хизматлари эвазига жамғармадан ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, бошқарувчи ташкилот ва жамғарма аъзолари ўртасида манфаатлар қарама-қаршилиги юзага келмайди, чунки жамғарма ҳисобидан зарарларни тўламасликдан бошқарувчи ташкилот ҳеч қанақасига манфаатдор бўлмайди. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим: жамғарманинг товон тўловидан ортган қисми жамғарма ва унинг аъзолари ихтиёрида қолдирилади, яъни бошқарувчи ташкилот тасарруфига ўтказилмайди.
Баъзида кўрилган зарар тахмин қилинган кўрсаткичлардан юқори бўлиб қолиши ва шу сабабли жамғарилган бадаллар зарарларни қоплашга етмай қолиши мумкин. Шундай пайтларда товон тўлови учун керак бўлган маблағ жамғарманинг бошқарувчи ташкилотидан қарз ёки бошқа ўзаро суғурта жамиятларидан (аввалроқ тузилган келишув асосида) ёрдам сифатида олинади.
Олинган қарзлар кейинги йиллардаги суғурта тўловларидан ортган захира ҳисобидан қайтарилади. Агар бошқа жамғармалардан, уларга олдиндан бадал ўтказиб туриш ҳисобига, ёрдам пули олинган бўлса, ушбу ёрдам пули қайтарилмайди, деди Музаффар Ҳусниддинов.

Анжуманда:
 — Ўзбекистонда ислом молияси ривожланишининг истиқболлари;
— Инвестицияларни суғурталаш ва экспортни молиялаштириш;
—   Хусусий секторни ривожлантириш ва унинг Ўзбекистондаги лойиҳалари;
— Жаҳон миқёсидаги такафул ва унинг Ўзбекистондаги истиқболлари мавзуларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Исломий молия ислом ақидаси билан чамбарчас боғлиқ. Бу боғлиқлик иқтисодий фаолияти ва моливий муомалотида мусулмонни тўғри йўналтириб боради. Барча амалиётларида хотиржам ва сокин бўлишини таминлайди. 

 

azon.uz

Read 1619 times

Янгиликлар

Top