Ўзбекистон янгиликлари

Шайх ҳазратлари дунё уламолари эътирофида

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бундан 5 йил аввал ватанимизнинг фахри барчамизга ўрнак бўлган устозимиз шайх ҳазратлари вафот қилдилар.

У киши халқимиз учун қанчалик қадрли бўлган бўлсалар, Ислом олами ва дунё уламолари учун ҳам ҳудди шундай қадрга эга эдилар. Сизларга буюк ва машҳур уламоларнинг фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақидаги баъзи эътирофларини тақдим этамиз.

Аллома Муҳаммад Аввома:

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ватанингизнинг ҳақиқий шайхул-Исломидир».

Дунё уламолар ҳамжамияти бош котиби шайх Али Қорадоғи:

«Шайх ҳазратлари бир ўзлари бутун МДҲ учун етарли даражада фаол ва фидокор олим эдилар. У кишидан кейин у кишининг ўрнини тўлдирадиган олим топа олмадик. Биз у кишига жуда муҳтож бўлганимизда вафот қилдилар».

Ҳудойи вақфи раҳбари шайх Усмон Нурий Тўпбош:

«Шайх ҳазратлари билан дўстлигимиз бор эди. У кишининг хусусияти биргина илм билан кифояланиб қолмади. Руҳий тарбияга алоҳида эътибор берди. Бугунги кунимизда Ислом олами айнан шайх ҳазратларидек олимларга муҳтож».

Шайхул-Ислом Муфтий Тақий Усмоний:

«Шайх ҳазратларининг хизматларини яқиндан танигач ҳайрон қолдим. Жуда баракотли хизмат қилган эканлар».

Туркия уламолар ҳамжамияти бош котиби Шайх Умар Фаруқ:

«Шайх ҳазратлари билан 1990 йили бошларида танишган эдим. Ҳаётимда жуда катта из қолдирган эдилар. У киши ўзбекларнинг эмас, бутун Ислом дунёсининг фахри эди».

Ҳиндистон муҳаддислари раиси шайх Неъматуллоҳ Аъзамий:

«Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари Ҳиндистон имоми шайх Қосим Нонутвий каби эдилар. Бу икки олим узун умр кўрмаган бўлсалар ҳам, ўзларидан жуда катта илмий меърос ва кўплаб шогирдлар қолдириб кетганлар».

Ибн Халдун Университети бошқарув ҳайъати раиси профессор Доктор Ирфон Гундуз:

«Шайх ҳазратлари менга ўз акамдек эдилар. Менинг ҳаётимда жуда муҳим ўринга эгадирлар. Илми ва амали билан дунё уламолари орасида ажралиб турар эдилар».

Туркия илмий тадқиқотлар маркази илмий раҳбари Ҳидоя Эрдоган:

«Шайх ҳазратлари жуда-жуда баракали зот бўлган эканлар. Ҳатто

Ўзбекистоннинг энг чекка жойларида ҳам у кишининг шогирдлари ёки асарларини учратдим».

Туркия Навоий вақфи раҳбари доктор Октай Чотқол:

«Шайх ҳазратларининг икки хусусиятларини барчага ибрат сифатида тавсия қиламан: ватанини севган ва ҳар қандай ҳолатда ҳам илмга хизмат қилган зот эдилар. Ҳижратда бўлишларига қарамасдан, илмий фаолиятларини асло тўхтатмаган эдилар».

Сўнг сўз.

«Шайх ҳазратлари ҳали ҳам ҳаётлар. Илмий мерослари билан, фарзандлари ва шогирдлари билан биз билан биргалар. Шунчаки жисмоний жиҳатдан биздан ажралдилар, лекин руҳоний жиҳатдан эмас. Модомики у кишини китобларини ўқир, маърузаларини эшитар, шогирд ва фарзандларида истеъфода қилар эканмиз, шайх ҳазратлари биз билан биргадирлар».

Аллоҳ таоло ҳазратимиз каби олимларимизни кўпайтирсин!

Манба: Islom.uz 

Read 1546 times

Янгиликлар

Top