Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари муҳташам жоме масжиднинг очилишида иштирок этдилар

Бугун, 13 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилояти Ургут туманида барпо этилган “Ургут” марказий жоме масжидининг очилиш маросимида иштирок этдилар. Меҳмонларга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам ҳожи Жамилов ҳамроҳлик қилди.
Масжиднинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов, таниқли уламолар, тажрибали имом-домлалар, мўйсафид отахонлар, вилоят мутасаддилари ва юзлаб намозхонлар иштирок этдилар.
Тадбир аввалида қурбонлик сўйилди ва Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди
Файзли тадбирда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжид жамоасини маҳобатли жоме билан муборакбод этдилар, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар ва улкан ислоҳотлар ҳақида сўзлаб бердилар. Айниқса, масжид-мадрасаларни обод этилиши, қадамжою-зиёратгоҳларни гўзал ҳолатга келтирилиши, мўмин-мусулмонларимизга кенг имкониятлар берилаётганини батафсил гапириб бердилар. Мана шундай эътибор ва ғамхўрликдан намозхонларимиз чексиз мамнунликларини ўз сўзларида изҳор этдилар ва қувончлари юз-кўзларидан яққол намоён бўлди.
Маълумот ўрнида, янги масжид қибласи мутахассислар қуёшнинг ёзги энг сўнгги ботиш ва қишдаги энг сўнгги ботиш нуқталари ҳисобга олиниб, ушбу икки нуқта орлиғи уч қисмга бўлиб, чап томондаги бўлак белгиланди. Шунингдек, кечаси Олтин қозиқ юлдузига қараб мўлжал олинди.
Масжид майдони бир гектардан ошиқ, хонақосининг ҳажми 45х55 метр, яъни 2500 кв/м.ни ташкил қилади. Жоме икки қаватдан иборат бўлиб, 8000 нафарга яқин намозхонни ўз бағрига сиғдира олади. Хонақоҳ ўртасида 34 метрли баланд гумбаз қад ростлаган. Унинг айланаси 18 метрни ташкил этади.
Масжиднинг тўрт томонида иккитаси 40 метрли ва яна иккитаси 43 метрли бўлган тўрт минора қурилган. Замонавий таҳоратхонадан бир вақтнинг ўзида 100 киши фойдаланиши мумкин. Масжид ходимлари учун 2 қаватли маъмурий бино барпо этилган.
Муфтий ҳазратлари ўз дуоларида ушбу масжидни Аллоҳ таоло қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб этиши ва унинг қурилиши ва фаолиятини йўлга қўйишига ҳисса қўшганларга улуғ-савобларни ато этишини Ҳақ таолодан илтижо қилиб сўрадилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2110 times

Янгиликлар

Top