Ўзбекистон янгиликлари

Абу Муин Насафий мероси Нидерландия ОАВлари нигоҳида

Нидерландиянинг «Diplomat Magazine» журналида «Мотуридий таълимотининг издоши» сарлавҳаси остида Абу Муин Насафийга бағишланган мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мустақиллик шарофати билан олимлар Абу Муин Насафий ҳаёти ва ижодини илмий асосда ўрганишга муваффақ бўлди, деб таъкидланади материалда.

Ўзбекистон Президенти диний арбоблар билан мулоқотда бугунги кунда ўзбек халқининг буюк аждоди асарлари катта аҳамиятга эга экани ва уларни нашр этиш, мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш зарурлигини таъкидлайди. Ушбу мажмуада, шунингдек, Самарқанд қоғозига ёзилган Қуръони Каримнинг қўлёзма нусхаси сақланади. Президент Шавкат Мирзиёев бундай китоблар ўзбек халқининг бебаҳо мероси экани, уларни келажак авлодларга етказиш кераклигини таъкидлади, деб қайд этади муаллиф.

Шунингдек, мақолада машҳур илоҳиётшунос ва мутафаккир Абу Муин Насафий 1027 йилда Насаф (ҳозирги - Қарши) шаҳрида туғилгани ва шу ерда таҳсил олиб, билимини оширгани маълум қилинган.

«У XI аср ақида илмининг ёрқин вакилларидан биридир, - деб эътироф этади нашр. - Абу Муин Насафий Абу Мансур Мотуридий асос солган Мотуридия таълимоти ривожида муҳим роль тутган. Насафий ўз асарларида Ислом ҳақидаги нотўғри тушунчаларга ойдинлик киритган, диний фанатизмга қарши курашган. Исломшунос олим 1114 йилда Самарқандда вафот этган ва Қарши туманидаги Қовчин қишлоғида дафн этилган».

Абу Муин Насафий - Абу Мансур Мотуридий асос солган Мотуридия таълимотининг тарқалишига катта ҳисса қўшган буюк илоҳиётшунослардан биридир.

Буюк илоҳиётчилар Абу ал-Ҳасан ал-Ашарий ва Абу Мансур Мотуридийнинг шогирди Абу Муин Насафий калом илмининг турли йўналишларида 15 га яқин асар ёзган. «Ал-Умда фи усулил-фиқҳ» («Фиқҳ усуллари таянчи»), «Табсиратул-адилла фи илмил-калом» («Калом илмидаги далиллар кўзгуси»), «Ат-Тамҳид ли қавоидит-тавҳид фий илмил-калом» («Калом илмидаги тавҳид қоидалар учун ягона китоб»), «Олим ва мутааллим» («Олим ва илм ўрганувчи»), «Изоҳ ва маҳажжа ли кавнил-ақл ҳужжатан» (“Ақл далиллигини изоҳ ва ҳужжатлар билан асослаш»), «Маноҳижул-аимма фил-фуруъ» («Имомларнинг ҳуқуқшунослик бўйича тутган йўллари»), «Муътақидот» («Эътиқодлар») асарлари шулар жумласидандир. Ушбу асарлар қўлёзмалари бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида сақланади.

Абу Муин Насафий илмий мероси ислом фалсафасининг энг қимматли манбалардандир. Мутафаккир асарларининг қўлёзмалари Дубай, Дамашқ ва Искандария кутубхоналарида ҳам сақланади. Шунингдек, унинг асарлари 1886 йилда Бағдодда ва 1908 йилда Қоҳирада нашр этилган.

Мақола таъкидланишича, дунё кутубхоналарида сақланаётган Абу Муин Насафий асарлари орасида «Дин асосларини имом Абу Мансур Мотуридий таълимотига мувофиқ далиллар билан изоҳлаш» номли китоби ҳам бор. Олимнинг «Баҳрул-калом» («Калом денгизи») асари Мотуридий таълимотининг асосий манбаларидан биридир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1535 times

Янгиликлар

Top