Ўзбекистон янгиликлари

Найиф Ал-Ҳажраф: Ўзбекистон Ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган

Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси Улуғбек Мақсудов Форс кўрфази араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши (ФКАМҲК) Бош котиби Найиф Фалаҳ Ал-Ҳажраф билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Найиф Ал-Ҳажраф Форс кўрфази мамлакатларининг Ўзбекистон билан яхши муносабатда бўлиб келгани, келгусида дўстона алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Бош котибнинг таъкидлашича, ФКАМҲК Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожланган, ишбилармон доиралар учун очиқ, ислом цивилизациясига катта ҳисса қўшган мамлакат деб билади.

Ҳозирги кунда Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Аҳмад Фарғоний ва бошқа кўплаб буюк алламолар мероси ўрганилиб, янги илм чўққиларини забт этиш ва инсоният ҳаётининг турли жабҳаларини ривожлантиришда кенг фойдаланилмоқда, деди у.

Учрашувда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Найиф Ал-Ҳажраф Кувайт давлатининг вакили бўлиб, бу лавозимга 2020 йил 1 февралда тайинланган.

ФКАМҲК муҳим минтақавий ташкилот бўлиб, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт, Оман ва Баҳрайн каби давлатларни ўз ичига олади. Ташкилот 1981 йилда ташкил топган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1486 times

Янгиликлар

Top