Ўзбекистон янгиликлари

"Times of India": Ўзбекистондаги энг машҳур саёҳат манзиллари

Ҳиндистон етакчи нашрларидан бири – "Times of India" газетасининг электрон саҳифасида "Ўзбекистондаги энг машҳур саёҳат манзиллари" («Travel-worthy destinations in Uzbekistan») сарлавҳали мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Журналист Панчали Дей муаллифлигидаги мақола ўқувчиларни Ўзбекистоннинг бой тарихи, хусусан, қадимий шаҳар ва меъморий ёдгорликлар билан таништирган.

Унда қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Бухоро, Хива ва Самарқанд шаҳарлари билан машҳур бўлган Ўзбекистон, шубҳасиз, хорижий сайёҳлар ташрифи учун энг севимли жойлардан бири экани қайд этилган.

«Ўзбекистон майдони жиҳатидан Буюк Британиядан икки баравар катта бўлиб, ўзининг қадимий тарихи ва бой маданий мероси билан диққатга сазовор. Ҳозирда мазкур мамлакатдаги 4 та тарихий мажмуа ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлса, 6 та номоддий мерос ЮНЕСКО Номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олган», деб ёзади муалллиф.

П.Дей Ўзбекистонга саёҳат қилганда, унинг назарида, албатта кўриш шарт бўлган кўплаб манзиллар ҳақида маълумот келтирган.

Материалда Шарқ гавҳари - Самарқанд шаҳрига оид маълумотларга кенг ўрин ажратилган.

Муаллифнинг фикрича, Самарқанд – маданиятлар чорраҳасидир. Гарчи бу ном ушбу манзилга саёҳат режалаштираётганингизда тасаввурингизда қадимий даврлар образини уйғотсада, Самарқанд қадимий анъаналарни сақлаб келаётган замонавий гавжум шаҳар ҳисобланади.

«Бу ерда бўлган вақтингизда шаҳарнинг энг машҳур сайёҳлик марказлари: Регистон майдони, Шоҳи-Зинда мажмуаси, Амир Темур, Бибихоним мақбараларини кўрмай кета олмайсиз», деб қайд этади муаллиф.

Мақолада Ўзбекистон пойтахти Тошкентнинг тарихий аҳамияти билан бир қаторда бугунги замонавий ривожланишига эътибор қаратилган.

«Тошкент – Ўзбекистоннинг пойтахти ва шу билан биргаликда Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳардир,- деб ёзади П.Дей. - Мазкур шаҳар ўзида кўпмиллатли аҳолиси ва маданий ранг-барангликни сақлаб қола олган, узоқ тарихи давомида сиёсий, ижтимоий, диний ўзгаришларнинг гувоҳи бўлган».

Муаллиф шаҳар ўзининг узоқ тарихи давомида турли сабабларга кўра бир неча маротаба қайта қурилгани, жумладан, 1966 йилда рўй берган зилзила шаҳарга жиддий талофот етказгани ҳақида маълумотлар келтирган.

Мамлакатимиз тарихий шаҳарлари ва туризм салоҳиятига бағишланган мазкур мақоладан ўқувчилар Бухоро, Хива ва Термиз шаҳарлари тарихи, зиёрат манзиллари ҳақида ҳам билиб олиши мумкин.

«Термиз шаҳри бугунги рўйхатимиздан жой олишга ҳар томонлама ҳақлидир. Мазкур шаҳарга келгач, Термиз археологик музейига, албатта, ташриф буюринг. Ундан сўнг «Кампиртепа» ва «Фаёзтепа» каби машҳур тарихий обидаларга саёҳат режалаштиринг», деб қайд этган «Times of India».

Маълумот учун, «Times of India» газетаси мамлакатдаги инглиз тилида чоп этиладиган оммабоп нашрлардан бири ҳисобланади. Газетанинг кунлик адади 3 миллиондан ошади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1402 times

Янгиликлар

Top