Ўзбекистон янгиликлари

Юртбошимиз Туркий кенгашнинг норасмий саммитида иштирок этди

Президент Шавкат Мирзиёев Туркий кенгашнинг видеоанжуман шаклида ўтказилган норасмий саммитида қатнашиб, жумладан, зиёрат туризмига оид дастур қабул қилишни таклиф қилди.

“Бу борада мамлакатларимиз ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжойлар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга оширишни таклиф этамиз. Бунинг учун Кенгаш доирасида Зиёрат туризмини ривожлантириш дастурини қабул қилиш мақсадга мувофиқдир”, – деди Юртбошимиз.

Давлатимиз раҳбари анжуман улуғ шоир ва мутафаккир Хожа Аҳмад Яссавий яшаб ўтган қадимий ва навқирон Туркистон шаҳри билан боғлангани бежиз эмаслигини таъкидлаб, жумладан бундай деди: “Ушбу шаҳри азим “Турк дунёсининг руҳоният пойтахтларидан бири” сифатида эълон қилинишида чуқур рамзий маъно бор. Маълумки, Мир Алишер Навоий ҳазрат Яссавийга “Туркистон мулкининг шайхул машойихи” деб юксак баҳо берганлар. Аҳмад Яссавийнинг ўлмас мероси буюк аждодларимиз – Жалолиддин Румий ва Юнус Эмро, Юсуф Хос Ҳожиб, Низомий Ганжавий, Махтумқули Фироғий ва Бобораҳим Машраб каби шоирлар қаторида туркий халқларнинг умумий маънавий бойлиги сифатида ардоқлаб келинади.
Аҳмад Яссавий ўз даврида бутун мусулмон оламида “Ислом динининг қуввати” деб шуҳрат қозонган Бухорои шарифда Юсуф Ҳамадоний, Абдухолиқ Ғиждувоний каби машҳур уламолардан таҳсил олгани ота-боболаримизнинг доимо сафдош ва ҳамфикр бўлиб келганини кўрсатади. Ўзининг диний-ахлоқий қарашлари билан минтақамизда улкан обрў-эътибор қозонган ҳазрат Яссавийга буюк Амир Темур чин дилдан ихлос қўйгани, унинг хотирасига атаб муҳташам мақбара бунёд этганини барчамиз яхши биламиз.
Шунингдек, Соҳибқирон бобомиз ушбу мажмуанинг моддий таъминоти учун вақф ташкил қилгани ва бу жамғарма асрлар давомида фаолият кўрсатгани эл-юртларимизнинг тарихий бирлигидан далолат беради. Бугунги кунда Аҳмад Яссавий зиёратгоҳини барча қардош халқларимиз табаррук қадамжой сифатида чексиз қадрлайди. Кўпмиллатли Туркистон шаҳри сўнгги йилларда тобора гўзал ва обод бўлиб бораётгани, улкан бунёдкорлик майдонига айланаётганига барчамиз ҳозир видеолавҳалар орқали гувоҳ бўлдик”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1621 times

Янгиликлар

Top