Ўзбекистон янгиликлари

«The New York Times» газетаси веб-саҳифасида Ўзбекистон ҳақида викторина ўтказилди

«The New York Times» газетаси ўз веб-саҳифасида бир ҳафта давомида Ўзбекистон ҳақида интерактив викторина ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Ўзбекистон тўғрисида қанчалик кўп биласиз?» мавзусидаги викторинада мамлакатимиз тарихи, географияси, иқтисодиёти ва экологияси тўғрисида тўртта савол берилган. Хусусан, «The New York Times» веб-сайти ўқувчилари Ўзбекистон чорраҳаси бўлган 2 минг йиллик савдо йўлининг номини топиши керак эди. Ушбу саволга жавоб берар экан, ўқувчи мамлакатимиз Рим ва Хитойни бирлаштирган Ипак йўлининг марказида жойлашганидан хабардор бўлди. Ушбу йўл эркин маданиятлараро алмашинув рамзи бўлиб, у орқали Хитой қоғози (аҳамияти жиҳатидан компьютер яратилишига тенг ихтиро) Ғарбга, Ўрта асрлар Европасига етиб борган.

География бўйича саволда ўқувчилар Ўзбекистон пойтахти ҳақидаги билимини синовдан ўтказди. Нашр Тошкент нафақат қадимий ислом меъморчилиги, балки замонавий бунёдкорлик намуналарини ҳам ўзида мужассам этганини таъкидлаган. Хусусан, 1977 йилда очилган Тошкент метрополитени Марказий Осиёдаги иккита ер ости транспорт тизимидан бири экани қайд этилган. Метро бекатларининг аксарияти турли мавзулар акс этган миллий мозаика ва қандиллар билан безатилган.

Навбатдаги савол Ўзбекистон иқтисодиётига бағишланган. Нашрда таъкидлаганидек, бугун мамлакат ҳукумати инсон ҳуқуқларининг энг кўп тарқалган кўриниши - пахта далаларида мажбурий меҳнатга қарши изчил курашмоқда. Илгари пахта йиғим-терими пайтида 1 миллионга яқин одам мажбуран терим мавсумига жалб қилингани айтилган.

Интерактив викторина якунида муаллифлар Орол денгизининг аста-секин қуриб бораётганига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Таъкидланишича, Оролнинг қуриши собиқ совет тузуми даврида, қурғоқчиликка қарамасдан, Марказий Осиёда қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган пайтда бошланган. Амударё ва Сирдарё сувлари буғдой ва пахта далаларига йўналтирилган. Шунингдек, иқлим ўзгариши ҳам минтақадаги сув танқислигини келтириб чиқармоқда.

Бугунги кунда денгиз қуриши оқибатида қумлоққа айланган собиқ Мўйноқ порти минтақанинг диққатга сазовор жойларидан бирига айланмоқда. Сайёҳлар бу ерга кемалар «қабристони»ни кўриш ва Instagramга селфи тушиш учун келади. Қачонлардир денгиз суви тўлқинлари ювиб турган қирғоқларда бугунги кунда динозавр суякларини эслатадиган, занглаган ва ташландиқ траулер ва кема қолдиқлари қолган, холос.

Маълумот учун, «The New York Times» АҚШнинг 1851 йилдан бери нашр этиб келинаётган энг йирик кундалик газеталаридан биридир. Газета 127 марта Пулитцер мукофотига сазовор бўлган. Нашр веб-сайтига ойига 30 миллион ўқувчи ташриф буюради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1210 times

Янгиликлар

Top