Ўзбекистон янгиликлари

Шариат иқтисодиёти ва исломий банк масалалари муҳокама қилинди

"Ўзбекистон ва Индонезия: Индонезиянинг Ислом иқтисодиётини амалга ошириш тажрибаси ва ҳамкорлик истиқболлари" мавзусида икки мамлакат вазирлик, идора ва университетлари вакиллари иштирокида онлайн анжуман ўтказилди. Тадбир юртимизнинг Индонезиядаги элчихонаси, Парамадин университети (ПУ) ва Индонезия Шариат иқтисодиёти ва молия миллий қўмитаси (ИШИММҚ) ҳамкорликда ташкил этди.

Масофавий анжуманда ИШИММҚ Инфрастуктура департаменти директори Султан Эмир Ҳижоят ва ПУ проректори, шариат иқтисодиёти бўйича мутахассислар миллий гуруҳи аъзоси Ҳанди Ризо маъруза қилди. Шунингдек, унда Индонезиянинг Шариат иқтисодиёти ва Ислом банки тамойилларини амалга ошириш бўйича тажрибаси, бу борада ҳозирги давлат сиёсати стратегияси тақдим этилди.

Тадбир давомида томонлар шариат иқтисодиёти ва Ислом банки соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти билан Парамадин университети (ПУ) ҳамкорликда ўқитиш ва академик алмашинув бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1573 times

Янгиликлар

Top