Ўзбекистон янгиликлари

Уй бекаларига тикув машиналари совға қилинмоқда

Хабарингиз бор, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида, олис қишлоқ ва маҳаллаларда меҳр-мурувват тадбирлари кенг миқёсда давом эттирилмоқда. Кўмакка муҳтож, кам таъминланган хонадонларга ташриф уюштирилиб, муаммолар ўрганилмоқда, одамларни ўйлантириб келаётган масалалар ўз вақтида ҳал этилиб, моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича котибияти, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги томонидан туман ва шаҳарлар марказидан олис ҳудудда истиқомат қилувчи хонадонлар бориб ўрганилди. Жиззах вилояти ҳокимлиги жойларда аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда ҳал этиш бўйича барча зарур чораларни кўрмоқда. Хусусан, Ғаллаорол ва Зарбдор туманидаги ана шундай хонадонларга замонавий тикув машиналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳадя қилинди.

«Энг муҳими, одамлар доимий эътиборда эканлигини ҳис этмоқда, эртанги кунга ишончи тобора ортиб бормоқда», дейди Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов. «Саховат кўрсатиш, одамлар оғирини енгил қилиш муқаддас динимиз кўрсатмаси. Ким бу тартибни ҳаётининг шиори қилиб олса, Аллоҳ таолонинг ризолигини топади. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий (а.с.) шундай марҳамат қилганлар: «Ким бирор мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан охират машаққатларидан бирини аритади».

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

Read 7749 times

Янгиликлар

Top