Ўзбекистон янгиликлари

«Меҳр-5» операцияси: 93 нафар ўзбекистонлик Суриядан олиб келинди

2019 йилдан буён амалга оширилаётган «Меҳр» инсонпарварлик операцияси турли сабаблар билан уруш бўлаётган мамлакатларга бориб қолган юзлаб ватандошларимиз юртга қайтарилган эди.  Бугун ҳам Суриядан ватанимизга «Меҳр-5» операцияси доирасида навбатдаги ватандошлар олиб келинди.

Қайд этилишича, бугунги кунгача ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди.

АҚШ ва бошқа ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган «Меҳр-5» операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб қолиб, «Ал-Ҳол» лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди.

Шунингдек, Ўзбекистонга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор.

Эндиликда бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги «Бўстон» санаторийсига жойлаштирилади ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.

2019 йилда 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар Сурия пойтахти Дамашқдан махсус рейс билан Ўзбекистонга олиб келинган. 2019 йилнинг октябрь ойида эса Яқин Шарқдаги можаролар ҳудудидан ўзбекистонликларни қайтариш бўйича иккинчи махсус операция амалга оширилган. 2020 йилнинг декабридаги учинчи махсус операция доирасида Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола, 2021 йилдаги «Меҳр-4» операцияда эса 24 нафар фуқаро Афғонистондан Ўзбекистонга қайтарилган.

Read 1806 times

Янгиликлар

Top