Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида меъморчилик соҳасида немис ва ўзбек мутахассислари иштирокида семинар ўтказилиши тўғрисида эълон берди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Элчихона маълумотига кўра, семинарда Потсдам университети профессори, доктор Штеффен Лауэ "Меъморий ёдгорликларни барқарор сақлаш концепцияси асосларига таҳлилий ёндашув" мавзусида маъруза қилади.
Таъкидланганидек, Германиянинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари кўплаб соҳаларда, жумладан, меъморчилик соҳасида ҳам ривожланиб келмоқда. Соҳада икки мамлакат мутахассислари ўртасида мунтазам тарзда қўшма онлайн курслар ташкил этилмоқда.
Немис мутахассисининг меъморий ёдгорликларни сақлаш ва қайта тиклашга бағишланган биринчи маърузаси Zoom орқали видеоконференцалоқа шаклида 28 апрель куни бўлиб ўтади.
Мазкур тадбир асосан Потсдам касб-ҳунар институтининг шерик университетлари бўлган Тошкент, Самарқанд ва Бухоро университетларининг архитектура, қурилиш муҳандислиги, меъморий ёдгорликларни консервациялаш ва қайта тиклаш соҳасида таҳсил олаётган талабалари ва шу соҳада таълим бераётган ўқитувчилар учун мўлжалланган.
Айтиш жоизки, ушбу тадбир Германия академик алмашинув хизмати (ДААД) томонидан молиялаштирилаётган "Архитектура ёдгорликларини комплекс тарзда сақлаш" лойиҳасининг бир бўлагидир.
Семинар якунида тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларни малакали мутахассисларга бериши мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати