Нукусдаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юртида устоз ва талабалар иштирокида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, билим юрти мудири Ш.Баҳоуддинов, Нукус шаҳар бош имом-хатиби Б.Разовлар қатнашди.
Даставвал, Иброҳимжон домла Иномов йиғилганларни Рамазони шариф билан табриклаб, уларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг салом ва табикларини етказдилар. Сўнг устоз аҳли илм, устоз ва ота-оналарнинг фазилатлари, динимизда уларга бўлган юксак эътибор ва ҳурмат ҳақида ҳаётий мисоллар орқали таъсирли маъруза қилдилар.
Сўнг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, билим юрти мудири Ш. Баҳоуддинов сўзга чиқиб, меҳмонга ташриф ва файзли суҳбат учун миннатдорчилик билдирди, шундай маънавий-маърифий суҳбатлар нафақат талабалар, балки устозлар учун ҳам манфаатли бўлишини таъкидлади.
Учрушув сўнгида хайрли дуолар қилинди.
Билим юрти устоз ва талабалари билан учрашувдан сўнг устоз Иброҳимжон домла Иномов Нукус Имом эшон Муҳаммад жоме масжидида ҳам бўлиб, у ерда жамоат намозидан олдин намозхон биродарлар билан ҳам суҳбат ўтказдилар.
Суҳбат давомида Иброҳим домла мазҳабсизликнинг хавф-хатари ҳақида ҳужжат ва далиллар асосида маъруза қилиб бердилар. Жумладан, юртимиз мусулмонлари неча асрлардан буюн Ҳанафий мазҳабини маҳкам ушлаб келаётгани, ота-боболаримиз мана шу мазҳабдан оғишмай эътиқод қилганликлари тўғрисида ҳам таъкидлаб ўтди.
Суҳбат сўнгида Аллоҳ таолодан муборак Рамазон ойида ибодатларимизни қабул қилишини, Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмаслигини, мусулмонларнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигини таъминлашини, ихтилоф ва фитналардан асрашини сўраб, хайрли дуолар қилдилар.
А.Ережепов,
Билим юрти маънавият
ва маърифат ишлари бўйича
мудир ўринбосари