Шу йил 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Хоразм вилоятига ташриф буюрдилар. У кишига сафар давомида Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев ҳамроҳлик қилди.
Меҳмон даставвал Урганч туманидаги “Имом Фахриддин ар Розий” ўрта махсус ислом билим юртининг янги биноси ва талабалар ётоқхонасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида билим юрти талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Иброҳим домла талаба-ёшларга раҳбарларнинг салом ва Рамазони шариф табрикларини етказдилар, илм олиш, бу борада улуғ алломалар ҳаётидан ибрат олиш кераклиги, жумладан, мазҳаббошимиз Имом Аъзам ва етук олимлар ҳаётидан мисоллар келтирган ҳолда мазмунли ва таъсирли маъруза қилдилар. Кенг имконият ва қулайликларга эга бўлган мадраса ва билимдон устозларни ато этган Ҳақ таолонинг неъматларига шукрона қилиш кераклигини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, диёримизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар, талабалар билан савол-жавоб қилдилар, саволларга яхши жавоб берган талабаларга эсдалик совғалар бердилар.
Куннинг иккинчи ярмида Иброҳимжон домла Иномов Хайрулла домла Абдуллаев ҳамроҳлигида пешин намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этиш учун
Урганч шаҳар “Охун бобо” масжидида бўлдилар. Ибодат асносида Иброҳим домла масжид қавмини Рамазони шариф билан табриклаб, раҳбарларнинг салом ва тилакларини етказдилар. Сўнг “Имом Аъзам мазҳабига эргашиш зарурати”, Рамазон ойининг фазилатлари, тинчлик ва осойишталик неъмати, шукроналик, фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан сақлаш каби долзарб мавзуларда ҳам маъруза қилдилар.
Суҳбат якунида Ҳақ таолодан ватанимиз равнақ топиши, эл-юрт тинчлиги ва юртимиз ободлиги, ҳаётимиз янада фаровон бўлиши, турли касалликлар бартараф бўлишини сўраб дуои хайрлар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати