Ўзбекистон янгиликлари

Қалблар ободлиги йўлида

"Кимки бир кўнгли бузуғнинг ҳотирин шод айлагай,

Онча борки, Каъба вайрон бўлса бунёд айлагай."

Сўз даҳоси Навоий ҳазратларининг ушбу ҳикматлари инсон қалбини обод этиш, унинг шоду-хурсандчилигига эришиш энг катта савобли амаллардан эканлигини ифода этади. Ана шу олий мақсад йўлида имом-хатибларимиз ҳам намуна кўрсатиб келмоқдалар. Жорий йилнинг 29 март куни Тошкент шаҳар “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов шаҳримизнинг “Камолон” маҳалласида яшовчи боқувчисини йўқотган, эътиборга муҳтож оилалар, кексалар хонадонларини йўқлаб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Имом-хатиб кексаларимизнинг дуоларини олиб, улар доимо маҳалланинг ардоғида эканликларини билдирди. Динимизда инсон шаъни, қадр-қимматининг азизлиги, айниқса, кексалар дуоси саодат калити эканлиги, кундан-кунга обод бўлиб бораётган юртимизда ҳеч ким меҳр-мурувватдан четда эмаслигини айтиб ўтди.

“Аллоҳга шукурки, маҳалламиз қадимдан ҳавасли манзиллардан ҳисобланиб келади. Бу ердаги юртдошларимиз ҳудди бир-бирларига қариндошдек. Яхши кунларида ҳам, ёки бирор мусибат онларида ҳам ўзаро елкадош бўлиб, доим бир-бирларини қўллаб келишади. Қўшнилар иноқлик ва самимиятда асл миллатимиз бирдамлигини намоён этадилар. Имом-домламиз ташаббуслари, кўрсатмалари асосида доимий равишда ўтказилувчи бу каби эзгу ишлар ҳам сўзимизга исбот бўла олади”, дейди “Камолон” маҳалласи раиси Бахтиёр ака Султонов. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Read 5904 times

Янгиликлар

Top