Ўзбекистон янгиликлари

Янги Ўзбекистон Миср матбуотида

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бу борада кўплаб муносабатлар билдирилаётгани, хорижий оммавий ахборот воситаларида материаллар тақдим этилаётгани эътиборга молик.

Мисрнинг етакчи матбаа нашрларидан бири – “Ал-Хабар ал-Йаум” газетаси саҳифасида чоп этилган мақолалардан бирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва тиббиёт ходимлари салоҳиятини оширишга доир фармони хусусида тўхталиб ўтилган.

Мақолада мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш мақсадида қўшимча 20 мингта ўрта тиббиёт ходими ўрни ажратилиши, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертлар билан ҳамкорликда тиббиёт ўқув дастурларини такомиллаштириш, шифохоналарнинг дори воситалари, реактивлар ва замонавий ускуналар билан таъминланиши учун қўшимча маблағлар ажратилиши юқори баҳоланган. Бундай чоралар натижасида мамлакатда аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига ишонч билдирилган.

Ушбу нашрнинг яна бир сонида эълон қилинган “Аждодлар қаҳрамонлиги Ўзбекистон рассомлари нигоҳида” сарлавҳали мақолада эса Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм устидан ғалаба қозонилишида иштирок этган юртдошларимизга бағишланган “Ёш мусаввир ижодкорлар кўрик-танлови” тафсилотлари атрофлича қаламга олинган. Мақолада “ушбу тадбирнинг ёшларда тинчлик ва фаровонлик сингари неъматнинг қадрига етиш ва уни янада мустаҳкамлаш, уларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссида тарбиялашга хизмат қилиши” алоҳида қайд этилган.

Шу билан бирга, Мисрнинг шу ва бошқа нашрлари саҳифаларида Қорақалпоғистонни ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар, ўзбек халқининг бой ва бетакрор маданияти ҳамда кўҳна тарихига доир қатор мақолалар ҳам берилган. Бу каби ҳавола қилинган мақолалар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар, кенг кўламли ислоҳотлар дунё ҳамжамиятининг, хориж матбуоти вакилларининг эътиборини тортаётганидан дарак беради.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Read 1535 times

Янгиликлар

Top