Ўзбекистон янгиликлари

Фароиз фанидан очиқ дарс

“Мерос” илми деб ҳар бир вориснинг тарикадан оладиган мерос улушини белгилаб берувчи ҳисоб-китоб ва фиқҳий масалалардан иборат қоидалар тўпламига айтилади. Мерос илми “Фароиз илми” деб ҳам аталади. Аллоҳ таоло мерос ҳукмларини баён қилиб: “Бу тақсим Аллоҳ таолодан фарз килингандир”, деб марҳамат қилгани сабабли бу илм фароиз илми деб номланади. فريضة сўзининг кўплиги فرائض бўлиб, луғатда бир нечта маъноларда ишлатилади. Шаръий истилоҳда эса, мерос оладиган ва олмайдиган кишилар, шунингдек, мерос олувчиларнинг мерос миқдорини билдирувчи илмни фароиз деб аталади.

Мерос илми Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида алоҳида илм бўлмасдан, асосан, тафсир, ҳадис ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб берган фиқҳий масалалар ичидаги бир қисм ҳисобланган. Кейинчалик саҳобаи киромлар орасидан айримлари бу илм соҳасида устозлик даражасига етиб, моҳир фароиз билимдонларига айланганлар. Чаҳорёрлар ва Зайд ибн Собит бу илмнинг устозлари ҳисобланадилар.

Мерос илми ҳақида илк китоб таълиф этилиши тобеинлар даврига тўғри келиб, биринчи бўлиб Абу Бакр Айюб ибн Абу Тамима Сижистоний (131 ҳижрий йилда вафот қилган) «Фароиз Айюб ал-Басрий» номли китобини таълиф қилган. Аксар уламо бу асар фароиз ҳақида ёзилган илк китоб деб эътироф этган. Айюб Сижистонийдан сўнг китоб таълиф этиш анча ривожланган ва мерос илми ҳақида жуда кўп асарлар яратилган.

Мерос ва унга доир ҳукмларни Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримда мукаммал ва муфассал тарзда баён қилиб берган. Ҳар бир ворис улуши, даражаси, шунингдек, меросга оид бошқа ҳукмлар мерос оятларида аниқ-равшан, шарҳу тафсилоти билан зикр қилинган. Меросга бу даражада аҳамият берилишининг яна бир сабаби, мерос мол-мулкка эга бўлишнинг энг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.

Тошкент ислом институтида Диний фанлар кафедраси катта ўқитувчиси Саиджамол Масайитов 4-Б гуруҳга фароиз фанидан “Бобо ва ака-сингилларнинг мерослари” мавзуида очиқ дарс ўтди.

Очиқ дарсга Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ходими Б.Аҳмедов, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Ж.Холмўминов, Тошкент ислом институтининг ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори И.Аҳроров, Диний фанлар кафедраси мудири С.Примов, кафедра ўқитувчилари – А.Саидаҳмедов, Я.Раззоқов, П.Каттаев, Ф.Жўраев, Ф.Ҳомидов, Тиллар кафедраси мудири Ф.Маманосиров, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухорбоев, қатнашиб таҳлил қилишди.

Саиджамол Масайитов домла очиқ дарсни талабалар давомати ва бир қатор ташкилий ишларни амалга ошириш билан бошлади. Сўнг ўтилган мавзу юзасидан тарқатма материаллар асосида савол-жавоб қилинди. Талабалар мавзуни пухта ўзлаштиргани уларнинг жавобларидан яққол сезилиб турди. Шундан сўнг янги мавзу асосида талабаларга зарур маълумотлар берилди.

Ўқитувчи очиқ дарсда янги педагогик усуллардан фойдаланиб, слайдлар, тарқатма материаллар орқали мавзуни баён қилиб берди, дарсни самарали ташкил қила олди ва қўйилган мақсадга эришди.

Қосим АБДУЛЛО,

Диний фанлар кафедраси кабинет мудири

Read 7287 times

Янгиликлар

Top