Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари: “Яқин кунларда мўмин-мусулмонларимиз учун яхши хушхабарлар бўлади”

Аввал, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар Андижон вилоятига ташриф буюришгани ҳақида хабар берган эдик.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар Андижон шаҳридаги “Имоми Аъзам” жоме масжидига мўмин-мусулмонлар билан бирга-бирга пешин намозини адо этиш учун ташриф буюрдилар. Ҳазратнинг ташрифларини эшитиб, кўзлари меҳр ила чақнаган, юзлари нурли, ёшлари улуғ отахонлар ҳамда намозхонлар жомега тўп-тўп бўлиб келишди.
Масжидни файзга тўлдириб турган намозхонларга муфтий ҳазратлари Аллоҳ таборака ва таолонинг ўлкамизга берган неъматлари ҳақида сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазрат сўзлари бу кунларни қадрлаш, муҳтарам Президентимиз томонларидан берилаётган шарт-шароитлар учун Парвардигоримизга шукроналар айтиш, бу неъматларнинг давомли бўлиши учун дуолар қилишни сўзладилар.
Муфтий ҳазратлари Давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида диний соҳадаги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳақида сўз юритиб, хусусан, Мир Араб мадрасасининг дунёдаги нуфузини инобатга олган ҳолда олий мақомга кўтарилгани, 500 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилаётгани, Халқаро Ислом академияси, Ҳадис илми олий мактаби, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, илмий мактаблар ўз фаолиятлари йўлга қўйилгани, яқинда ташкил этилган Имом Термизий ўрта-махсус ислом билим юрти тўрт йилдан кейин олий бўлиши, Имом Бухорий ҳазратларига мос шаклда мажмуа қайта бунёд этилаётгани, Етти Пир обод қилинаётгани ҳақида сўз қилиб бердилар. Мана шундай ўзгаришларни кенг халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказиш зарурлиги тўғрисида гапирдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзлари якунида Аллоҳ таоло насиб этса, яқин кунларда мўмин-мусулмонларимиз учун яхши хушхабарлар бўлиши ҳақида сўз қилиб, Ҳақ таоло юртимизга тинчлик-офият, файзу барака ва тан-сиҳатлик сўраб дуолар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2982 times

Янгиликлар

Top